Судьялар талабалар ҳузурида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Авлодлар учрашуви” маърифий тадбири доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ёшлар ва келажак” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбир ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни суд-ҳуқуқ тизими фаолияти билан яқиндан таништириш, шунингдек, тажрибали мутахассислар ва ёшлар ўртасида бевосита мулоқотни йўлга қўйишга қаратилди.
[gallery-29237]
Учрашувда кенгаш раиси Холмўмин Ёдгоров бошчилигидаги делегация, суд фахрийлари ҳамда амалда фаолият юритаётган судьялар иштирок этди.
Дастлаб меҳмонлар учун қисқа маданий дастур ва тақдимот ташкил этилди. Шундан сўнг талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Университет ректори Б. Жоллибеков ушбу учрашувнинг аҳамиятига тўхталиб, ёшларнинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, адолат тамойиллари ва қонун устуворлигини англашда бундай тадбирларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.
Тадбирда мамлакат суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судлар томонидан одил судловни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Фаол талаба-ёшлар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Меҳмонлар университет қошидаги «Қатағон қурбонлари хотираси» музейини ҳам томоша қилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА