Саноат тараққиётидаги самарадорлик
Бухоро вилоятида саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Айниқса, тўқимачилик соҳасида ташкил этилаётган замонавий корхоналар нафақат иқтисодий ўсишни таъминламоқда, балки юзлаб инсонлар учун доимий иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда. Қоракўл туманида фаолият юритаётган “Қоракўл кумуш калава” масъулияти чекланган жамияти ана шундай илғор корхоналардан бири ҳисобланади.
Мазкур фабрика ип-калавани қайта ишлаб, ундан ярим тайёр ва тайёр матолар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, қисқа вақт ичида ўз фаолиятини кенгайтириб, ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширишга эришди. 3,5 гектар майдонда барпо этилган замонавий корхона бугунги кунда нафақат ҳудуд иқтисодиёти, балки мамлакат экспорт салоҳиятига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Корхонада айни пайтда 400 нафардан ортиқ ишчи ва мутахассислар мунтазам фаолият олиб бормоқда. Улар учун яратилган қулай ва замонавий меҳнат шароитлари иш унумдорлигини ошириш билан бирга, ходимларнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, ушбу иш ўринлари орқали юзлаб оилалар барқарор даромад манбаига эга бўлиб, турмуш фаровонлигини яхшилаш имконига эришмоқда.
Фабрикада ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳам эътиборга лойиқ. Бу ерда йилига 10 миллион погон метр юқори сифатли мато ва 3 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки халқаро бозорларда ҳам юқори талабга эга. Хусусан, Россия, Хитой, Туркия ва Белорусь каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Экспорт ҳажми эса 7 миллион доллардан ортиқни ташкил этиб, корхонанинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.

Шу билан бирга, корхона ёшлар учун амалий тажриба мактабига айланган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш жараёни ёш мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ошириш, уларни рақобатбардош кадрлар сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда.
“Қоракўл кумуш калава” МЧЖ фаолияти саноатни модернизация қилиш, экспортни кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Бундай корхоналар нафақат ҳудуд иқтисодиётини юксалтиришга, балки мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий нуфузини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.