Фахрийлар ҳаёти – ибрат мактаби
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Қўқон университети Андижон филиалида “Уч авлод учрашуви” лойиҳаси доирасида афғон уруши қатнашчилари ҳамда фахрий ҳарбий хизматчилар билан учрашув бўлиб ўтди.

Хотира ва қадрлаш куни олдидан университет филиали ва Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси Андижон шаҳри бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, ҳарбийлар, афғон уруши фахрийлари, талабалар иштирок этди.

Тадбирда юртимиз тинчлиги, осойишталиги, бугунги фаровон ҳаётга эришиш йўлида ўз жонларини қурбон қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш, уруш фахрийлари ва нуронийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдек эзгу ғоялар тарғиб этилди.

Иккинчи жаҳон урушига биргина Андижон вилоятидан 97,5 минг нафарга яқин киши сафарбар этилган. Уруш бутун халқимиз қатори андижонликлар учун улкан йўқотишлар, кулфатлар келтирган. Жумладан, урушдан 43,5 минг нафар андижонлик йигит юртига қайтмади. Фронтга кетганларнинг 40,9 минг нафари эса урушдан ногирон бўлиб қайтган. Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда эса Андижон вилоятидан 5 минг 300 нафар йигит қатнашган. Жанглардан 673 нафар йигит ногирон бўлиб қайтган бўлса, 152 нафарига она юртига қайтиш насиб этмаган.

Тадбирда ҳарбийлар ва афғон уруши қатнашчилари ўзларининг хизмат даври хотиралари, ҳаёт йўли, шунингдек, ҳарбий хизмат жараёнида дуч келган синовлар ва уларни енгиб ўтиш сабоқлари ҳақида талабаларга сўзлаб берди.
Ушбу тадбир иштирокчилар, айниқса, талаба ёшлар қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.