Судьялар даромадлари ва мулкини декларациялашга оид электрон тизим 2026 йил 1 сентябрга қадар ишга тушади
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 8 июндаги “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони суд тизимида коррупцияга қарши курашишни янги сифат босқичига олиб чиқувчи муҳим ҳужжат бўлди.
Мазкур ҳужжатнинг аҳамияти ва ижроси хусусида Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Васила Абдусатторова билан суҳбатлашдик.

– Суд ҳокимиятининг мустақиллиги, одил судловнинг адолатлилиги ва фуқароларнинг судга бўлган ишончи ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим мезонларидан биридир.
Зеро, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мол-мулки, шаъни ва қадр-қиммати, тақдири ҳал этиладиган жойда қонун устуворлиги билан бир қаторда ҳалоллик, холислик ва юксак касбий масъулият ҳам мутлақ қадрият бўлиши лозим.
Замонавий суд тизими олдида коррупциявий хавфларни ва ҳуқуқбузарликларни содир этилишидан олдин аниқлаш ва бартараф этиш вазифаси турибди.
Фармоннинг ўзида ҳам унинг асосий мақсадлари сифатида коррупциявий хавфларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш, суд аппаратида меритократияга асосланган кадрлар сиёсати ва суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш белгиланган.
Ушбу фармоннинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда коррупцияга қарши курашишнинг профилактик модели устувор вазифа сифатида қўйилган.
Фармон билан Олий судда суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини аниқлаш учун комплаенс назорат хизмати ташкил этилмоқда.
– Комплаенс назорат хизмати қандай ишларни амалга оширади?
– Мазкур хизмат оддий назорат билан чекланиб қолмай, коррупциявий хавфларни аниқлайди ва баҳолайди. Касб этикасига риоя қилинаётганини мониторинг қилади. Ишга қабул қилишда номзодларни коррупцияга қарши текширади. Ходимларнинг коррупцияга қарши билим ва кўникмаларини оширишни мувофиқлаштиради ҳамда декларация тизимларини юритади.
Яна бир муҳим жиҳат, комплаенс назорат хизмати суд аппарати ходимларининг одоб-ахлоқи ва хизматдан ташқари хулқ-атвори билан боғлиқ масалаларда хизмат текширувларини ўтказиш ваколатига эга бўлади.
Суд тизимида йўлга қўйилаётган комплаенс модели халқаро амалиётда шаклланган “коррупция содир бўлгандан кейин аниқлаш” эмас, “коррупцияга олиб келувчи шароитни олдиндан бартараф этиш” тамойилининг бевосита амалий ифодасидир.
– Суд тизимида даромад ва мол-мулкни декларация қилиш тизими қачон ишга тушади?
– Фармонда судьялар ҳамда суд аппарати ходимлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш, декларация маълумотларини интеграциялашган тизим орқали текшириш механизмларини жорий этиш ҳам белгиланган.
Судьялар бўйича бундай электрон тизим 2026 йил 1 сентябрга қадар, суд аппарати ходимлари бўйича эса 2027 йил 1 майга қадар жорий этилади.
Фармоннинг яна бир муҳим янгилиги – коррупция ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, пора таклиф қилинган ҳолатлар ҳақида хабар бериш тизими ҳамда фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш назарда тутилгани. Бу механизм суд тизимида ички “ҳалоллик иммунитети”ни шакллантиришга хизмат қилади.
Яъни, коррупция ҳақида хабар бериш ходим учун хавфли ҳаракат эмас, балки жамоат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонуний ва рағбатлантириладиган фаолликка айланади.
Бу комплаенс тизимининг энг муҳим элементларидан бири бўлиб, ISO 37001 стандартида ҳам коррупцияга қарши чораларнинг самарадорлигини таъминлашда хабар бериш ва мониторинг механизмларига алоҳида аҳамият берилган.
Фармон асосида суд аппаратида кадрлар сиёсати тубдан янгиланмоқда. Унда номзодларнинг нафақат касбий билими, балки маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини баҳолайдиган очиқ танлов тизимини жорий этиш белгиланган. Бу меритократия тамойилини суд аппарати кадрлар сиёсатига чуқур сингдиришга хизмат қилади.
2026 йил якунига қадар “vacancy.sud.uz” портали ва “SudHR” электрон платформаси ишга туширилади. Бунда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан вакансияларни эълон қилиш, номзодларни саралаш ва ишга қабул қилиш жараёнларида фойдаланилади.
– Суд ишларини автоматик тақсимлаш дастури янада такомиллаштирилиши қандай натижа беради?
– Бу жуда муҳим институционал чора ҳисобланади. Чунки суд ишларига инсоннинг субъектив аралашуви қанча камайса, судья танлаш жараёнида ташқи таъсир эҳтимоли ҳам шунча пасаяди.
Судьялар ва суд аппарати ходимларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳар уч йилда малакаси оширилади. Бунинг аҳамияти шундаки, коррупциявий хавфлар ҳам, улардан ҳимояланиш механизмлари ҳам доимий равишда ўзгариб боради. Шу боис, суд ходимининг касбий компетенцияси каби унинг ҳалоллик ва комплаенс компетенцияси ҳам узлуксиз ривожлантирилиши лозим.
Умуман, фармон билан суд тизимида ҳалолликни таъминлашнинг яхлит экотизими шакллантирилмоқда. Бунда коррупциявий хавф аниқланади, баҳоланади, олди олинади, рақамли воситалар орқали назорат қилинади.
Бу ислоҳотлар натижасида суд тизимида коррупциявий хавфлар содир бўлишидан олдин аниқланади, манфаатлар тўқнашувини яшириш имкониятлари қисқаради. Суд аппаратига кадрларни танлашда субъективлик ва таниш-билишчилик хавфи камаяди. Судья ва ходимларнинг ҳалоллик, этика ва коррупцияга қарши иммунитети кучаяди. Энг муҳими, фуқароларнинг судга мурожаат қилганда адолат қарор топишига бўлган ишончи мустаҳкамланади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.