Навоий вилоятида йирик наркогуруҳ фаолияти фош этилди
Навоий вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирлари давомида ижтимоий тармоқларда ўтказилган мониторинг текширувлари маълумотлари асосида гиёҳванд модда савдоси билан боғлиқ бир нечта фактлар аниқланиб, унга кўра Тезкор қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ташкил этилди.
Дастлаб гиёҳванд моддалар савдосини телеграм ижтимоий тармоғи орқали “закладка” усулида истеъмолчига етказиб бераётган гуруҳ етакчилари қўлга олинди.
Жиноят занжири бўйлаб тарқалган, гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш мақсадида тезкор тадбирлар давом эттирилиб, уларнинг яшаш хонадонлари ва алоқа воситалари кўздан кечирилди.

Махсус тадбирлар давомида гуруҳнинг 2 нафар омбор вакили, 2 нафар заҳри қотилни яшириб, манзили ва локацияси билан етказувчи шахс, 8 нафар наркокурьер ҳамда уларнинг 11 нафар мижози қўлга олинди.
Тадбирлар давомида 1 килограммга яқин гашиш гиёҳвандлик моддаси ва истеъмол қилиш учун тайёрланган қўлбола воситалар далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди.

Ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 273-моддасининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири