Озарбайжон ва Ўзбекистон дўстлиги мустаҳкамланмоқда
Озарбайжоннинг етакчи давлат ахборот агентлиги АзерТАЖ ватанимизда меҳмон бўлиб турган Президент Илҳом Алиев ва мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган ҳамкорликка доир ҳужжатларни имзолаш маросими ҳақида ёзди.
Муаллиф хусусан “Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома”, “Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий даражадаги давлатлараро кенгашининг учинчи йиғилиши тўғрисидаги қарор” тасдиқланганига алоҳида эътибор қаратган.
Озарбайжон Давлат божхона қўмитаси билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ўртасида кинология соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда икки давлат ҳукуматлари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимни қардош элнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рашод Мамедов ва Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Оққулов алмашдилар. Маданият вазирлари Одил Каримли ва Озодбек Назарбеков ҳам худди шундай ҳужжатни алмашди.
2030 йилгача товар айирбошлаш қийматини 1 миллиард долларга етказиш дастури ҳамда Инвестиция ва савдо соҳасида лойиҳалар амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси – “Йўл харитаси” Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов ҳамда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов томонидан алмашилди.
Ҳукуматлар ўртасида пенсия таъминоти тизими ҳамкорлиги тўғрисидаги битим, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновация давлат агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳам маъқулланди.
Ташқи ишлар вазирлари Жейҳун Байрамов ва Бахтиёр Саидов Урганч билан Хонкенди ва Нахчивон, шунингдек Лочин ва Бухоро шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатини ўрнатиш тўғрисидаги баённомаларни алмашди.
Мазкур ҳужжатларнинг барчаси икки мамлакат абадий дўстлиги риштасини янада мустаҳкамлашига шубҳа йўқ.
Абдуғафур Маматов, ЎзА