Стратегик шерикликнинг янги истиқболлари: “Марказий Осиё - Корея Республикаси” биринчи саммити якунлари хусусида
Давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик тарихида муҳим босқич бўлди. Ниҳоятда сермазмун дастур илк дақиқаларданоқ Ўзбекистон Президенти ва халқига нисбатан самимий меҳмондўстлик, юксак эҳтиром ва чуқур ҳурмат руҳида ўтди.
ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатик академия факультети декани, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (ПҳД) Зиёдилло Пўлатхўжаев шу ҳақда муносабат билдирди:
–Сеулда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Корея Республикаси» форматидаги давлат раҳбарларининг биринчи саммити Евроосиё макони халқаро муносабатларида сифат жиҳатидан катта бурилиш ясади, узоқ муддатли сиёсий, иқтисодий, сармоявий ва технологик ҳамкорлик учун асос яратди.
Хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Жанубий Корея етакчиларининг учрашуви якунлари бўйича олий даражадаги мулоқотни институционаллаштирган Сеул декларацияси қабул қилинди.
Бугунги нотинч геосиёсий тизимда «Марказий Осиё плюс» дипломатик формуласи кўп векторли сиёсатнинг энг самарали воситаларидан бирига айланиб бормоқда. Марказий Осиё бугунги кунда геосиёсий рақобатнинг пассив объекти сифатида эмас, балки халқаро субъектлиги ортиб бораётган ягона ва жипслашган макроминтақа сифатида намоён бўлмоқда.
Дунёнинг етакчи куч марказлари (АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Хитой, Россия, энди эса Корея Республикаси) билан “C5+1” форматидаги мулоқот амалда минтақа мамлакатларининг ташқи сиёсий стратегияларини яқиндан мувофиқлаштириш воситасига айланди. Марказий Осиё республикалари ўз суверенитети ва миллий устуворликларини сақлаб қолган ҳолда халқаро майдонда минтақавий хавфсизлик, транспорт-коммуникация ва технологик ривожланишнинг асосий масалалари бўйича умумий, мувофиқлаштирилган позициялардан туриб иш кўрмоқда. Бу минтақанинг сиёсий ва иқтисодий салмоғини бир неча баробар ошириш ҳамда ташқи ҳамкорлар билан прагматик, тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатиш имконини беради.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммитдаги чиқишлари уларнинг келажакка бўлган қарашлари юқори даражада мос келишини кўрсатди. Барча раҳбарларнинг ташаббусларида ягона ўзак – хомашёни шунчаки экспорт қилиш моделидан воз кечиб, ишлаб чиқаришни чуқур маҳаллийлаштириш ва минтақа ичида қўшилган қиймат занжирларини яратишга интилиш яққол кўзга ташланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саммитдаги нутқи «Марказий Осиё – Корея Республикаси» форматини амалий жиҳатдан бойитиш учун юксак мазмуний мезонни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари шерикликни «илдам ривожланиш» йўлига ўтказишни таклиф этиб, қуйидаги бешта стратегик ташаббусни илгари сурди.
Жумладан, «Марказий Осиё – Корея» индустриал-технологик парки: Ўзбекистонда илғор корейс ишлаб чиқаришларини маҳаллийлаштириш учун ягона майдон яратиш, транспорт тугунларини модернизация қилиш, уй-жой коммунал хўжалигини рақамлаштириш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишга йўналтирилади.
Корея технологиялари маҳаллий ишлаб чиқаришга интеграция қилинадиган йирик саноат лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун Сеулнинг янги мослашувчан воситаси сифатида 2,5 млрд доллар ажратилади. Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида бўлган Samsung, Hyundai, СК, ЛГ каби Кореянинг хусусий конгломератларини суғурталаш ва кредитлаш учун қарийб 4,0 млрд. доллар жалб этилади.
Шунингдек, Корея Республикаси ҳукумати томонидан қабул қилинган молиявий ёрдам пакети Марказий Осиё мамлакатлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, унда Ўзбекистон “K-Silk Road” саноат блокининг асосий бенефициари сифатида майдонга чиқмоқда. Жанубий Корея Эксимбанкининг инвестициялари Нурафшон шаҳрини рақамли ҳабга айлантиришни якунлаш имконини беради ҳамда автомобиль бутловчи қисмлари ва электроника ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга кучли туртки бериб, Ўзбекистонни минтақадаги етакчи саноат марказларидан бирига айлантиради.
Сеул саммити минтақамиз ва Жанубий Корея салоҳиятларининг бир-бирини тўлдириши Евроосиё харитасида янги юқори технологик ўсиш нуқтасини шакллантиришга қодир эканлигини тасдиқлади. Марказий Осиё мамлакатлари ўзининг етуклиги ва бирдамлигини намойиш этди, Ўзбекистон эса минтақада интеграция ва модернизация ғоялари генератори сифатидаги етакчи ролини яна бир бор кўрсатиб берди.
Гулноза Бобоева,ЎзА