Ўзбекистон IT компаниялари учун янги бозорлар очилмоқда
Сеул шаҳрида Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Жанубий Кореянинг «PROTOTIE» технологик компанияси раҳбарияти билан учрашди.
Мулоқотда IT Park Uzbekistan ижрочи директори Жаҳонгир Ражабов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон рақамли ечимларини Корея Республикаси ва Малайзия бозорларида илгари суриш, маҳаллий IT-компанияларнинг халқаро бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш, IT-аутсорсинг ва малакали мутахассисларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

«PROTOTIE» сунъий интеллект асосида мутахассисларни танлаш, IT-аутсорсинг ва компанияларнинг хорижий бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлашга ихтисослашган. Компания 2026 йил январь ойидан IT Park Uzbekistan иштирокчиси бўлиб, Ўзбекистонда ўз ваколатхонасига эга.
Айни пайтда компания «UZINFOCOM» билан ҳамкорликда MyID Face ва MyID Palm биометрик идентификация технологиялари, видеоаналитика, сунъий интеллект асосида навбатларни бошқариш ечимлари, «Мухлиса AI» овозли ассистенти, DMED рақамли тиббиёт платформаси каби маҳсулотларни Корея ва Малайзия бозорларида илгари сурмоқда.

Томонлар ушбу тажрибани IT Park Uzbekistan’нинг бошқа иштирокчи компанияларига ҳам татбиқ этиш, уларнинг маҳсулотларини хорижий ҳамкорлар ва потенциал буюртмачиларга тақдим этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Шунингдек, бозорни ўрганиш, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, B2B учрашувлар ташкил этиш, қўшма пилот лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистон IT-мутахассисларини жалб этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида IT-маҳсулотларни халқаро бозорларда илгари суриш, экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА