Спорт вазирлиги ходимлари “Автомобилсиз кун” акциясида фаоллик кўрсатди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ, шу йил 1 майдан ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида республика ҳудудида “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилиши белгиланди.
Мазкур ташаббус сабаб куни кеча мамлакатимиздаги бир қатор давлат ташкилотлари ва вазирлик, ҳокимлик ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари қатъий тартиб ва талабларга асосланган умуммиллий лойиҳа –“Автомобилсиз кун тадбирида фаол иштирок этди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда вазирлик марказий аппарати ходимлари 25 май куни ишга жамоат транспорти, пиёда ҳамда экологик тоза транспорт воситалари орқали келиб, экологик маданиятни тарғиб қилиш ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссаларини қўшди.
Таъкидлаш жоизки, “Автомобилсиз кун” акцияси атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли эмиссияларни камайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев,
ЎзА