Гимнастикачиларимиз Осиёда тенгсиз
Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати давом этмоқда. Қитъа биринчилигининг финал баҳслари Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли кечди.
Мусобақа якунларига кўра, ҳамюртимиз Тахмина Икромова яккалик дастурининг кўпкураш машқларида барча рақибаларини ортда қолдириб, Осиё чемпионига айланди. Шунингдек, Мумтозабону Исҳоқзода, Эвелина Атальянц, Амалия Мамедова, Ясмина Мкртичева, Тамила Зиганшина ва Юлия Валеватаядан иборат жамоамиз гуруҳ кўпкураш машқларида олтин медалга сазовор бўлди.

Яна бир вакиламиз Наталья Усова эса яккалик кўпкураш дастурида бронза медалини қўлга киритиб, терма жамоамиз медаллари сонини янада оширди.


Шунингдек, чемпионатда Сабина Кагирова тўп билан машқ баҳсларида олтин медални қўлга киритган бўлса, Алисия Галати, Фарида Абдулова, Камилла Астанова, Орнелла Бикмаева, Сафия Пўлатова ва Замира Хвалчевадан ташкил топган жамоамиз 5 та тўп билан гуруҳ машқларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА