Спорт таълимида ютуқлар қаторида ечимини кутаётган устувор вазифалар ҳам мавжуд
Мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланганки, бугун ушбу масалалар муҳокама марказида.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири Эркин Турдимов раислигида олий таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда 2026 йилда давлат олий таълим муассасаларини тамомлаган битирувчиларнинг 13,8 минг нафари ҳалигача расмий бандликка эга эмаслиги танқид қилиниб, камчиликларни бартараф этиш муддатлари белгиланди.
Олийгоҳлардаги ўқув ресурслари таҳлилига кўра, 29,7 мингта ўқув адабиётидан 5,5 мингтаси 20 йилдан ортиқ вақт олдин чоп этилган ва маънан эскиргани, талабалар турар жойларидаги шароитлар, фуқаролар ва талабалар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати борасида танқидий фикрлар билдирилган.

Куни кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтказилган йиғилишда таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари, Спорт вазирлиги мутахассислари, илмий кенгаш аъзолари иштирокида мазкур масалалар кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида фуқароларнинг мурожаатларини барвақт кўриб чиқиш, уларни сифатли ва ижобий ҳал этиш юзасидан масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, меҳнат интизоми, дарсликлар ҳолати, талабалар ётоқхоналаридаги шарт-шароитлар, дуал таълим йўналишидаги ҳолатлар таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида талабаларни иш билан таъминлаш борасида Спорт вазирлиги, тегишли ташкилотлар, спорт федерациялари билан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Ўқув адабиётларни янгилаш, уларни замон талабларига мувофиқлаштириш борасида спорт таълимининг тегишли йўналишларида илмий гуруҳлар иш олиб бораётгани айтиб ўтилди.
Университет ректори Р.Маткаримов йиғилиш якунида университетнинг 2027 йилга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, энергия самарадорлигини ошириш, талабалар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатини таҳлил қилиш, талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролар учун шахсий қабулларни ташкил этиш, ўқув адабиётларни хатловдан ўтказиш борасида ечимини кутаётган бир қатор масалаларга масъулларнинг эътиборини қаратди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА