Ўзбекистон Саудия Арабистонини енгди: рейтингда юксалиш
ФИФА кунлари доирасида дунёнинг бир қатор мамлакатларида миллий терма жамоалар иштирокида халқаро ўртоқлик учрашувлари ўтказилди.
Халқаро ўртоқлик учрашувлари доирасида ўзбек футбол мухлислари учун энг эътиборли баҳс Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги «Жассим бин Ҳамад» стадионида бўлиб ўтди. Унда Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди.
Баҳсдаги ҳисоб 19-дақиқада Шерзод Эсанов томонидан очилди. Бироқ, саудияликлар тезда мувозанатни тиклади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 23-дақиқада Фирас Ал-Бурайкан бош билан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. Шунга қарамай, биринчи бўлим якунига қадар вакилларимиз яна устунликни қўлга олди. 35-дақиқада Шерзод Эсанов рақиб дарвозасини иккинчи бор ишғол қилиб, дубль қайд этди ва жамоамизни танаффусга ғалаба билан олиб чиқди.
Иккинчи бўлимда Саудия Арабистони вазиятни ўнглашга ҳаракат қилди, аммо 51-дақиқада ҳимоячи Али Лажами Аббосбек Файзуллаевга нисбатан қўпол ўйнагани учун тўғридан-тўғри қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Орадан уч дақиқа ўтиб (54-дақиқада), Файзуллаев ўрнига Азизбек Амонов захирадан ўйинга қўшилди. Қолган дақиқаларда бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган терма жамоамиз ўйин тизгинини қўлдан чиқармади ва муҳим ғалабани сақлаб қолди.


Ушбу ғалаба ФИФА рейтингидаги кўрсаткичларимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Дастлабки онлайн ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ўз ҳисобини 5,35 очкога бойитиб, жами 1418,10 очкога етказди. Натижада жамоамиз онлайн рейтингда икки поғона юқорилаб, 59-ўринга кўтарилди. Саудия Арабистони эса мағлубиятдан кейин очко йўқотганига қарамай, 1443,94 очко билан 54-ўринни сақлаб қолди.
Шунингдек, Сингапур миллий терма жамоаси ўз майдонида Бразилияни қабул қилди. «National» стадионида кечган баҳсда меҳмонлар йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Учрашувда Винисиус Жуниор ўз маҳоратини намойиш этиб, 9, 15 ва 21-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, Эндрик 31-дақиқада, Эстевао 51-дақиқада, Раян эса 65-дақиқада гол урди. 74-дақиқада Сингапур футболчиси Рауль Сухаими автоголга муаллифлик қилди. Шу тариқа Бразилия терма жамоаси сафарда 7:0 ҳисобида зафар қучди.

Сингапурда ўтган яна бир учрашувда Парагвай Японияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Парагвайликлар сафида Хуан Касерес ва Густаво Гомес гол урган бўлса, Япониянинг ягона голини Сио Фукуда киритди. Россия терма жамоаси эса ўз майдонида Венесуэла билан куч синашди. Учрашувда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Россиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи Алексей Миранчук ҳар икки голга муаллифлик қилиб, жамоасининг ғалабасини таъминлади.
Қатар ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги баҳсда кореяликлар минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона голни О Се Хун 43-дақиқада урди. Хитой ва Баҳрайн терма жамоалари 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Баҳрайн сафида Муҳаммад Абдул Қаюм ва Аҳмад Буғаммар, Хитой жамоасида эса Байхеламу Абудувайли ҳамда пенальтидан Юйнин Чжан гол муаллифи бўлди.
Қирғизистон терма жамоаси Вьетнам устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Вьетнамлик Нгуен Динь Бак 19-дақиқада ҳисобни очди. Учрашувнинг сўнгги қисмида Валерий Кичин ва Эрбол Атабаевнинг голлари Қирғизистон жамоасига ғалабани тақдим этди.

Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси Сурияни 4:2 ҳисобида мағлуб этди. Ғолиблар сафида Саша Ивкович, Ҳариб Суҳайл, Николас Хименес ва Усмон Камара тўп киритди. Сурия жамоасининг голларига эса Кан Мустафа ва Муҳаммад Ал-Мустафа муаллифлик қилди.
Малайзия терма жамоаси Яманни 2:1 ҳисобида енгди. Ричард Чин 7 ва 57-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Маълумот учун, бугун 18 ноябрь куни ФИФА ўзининг янгиланган рейтингини эълон қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА