Байроқ баланд ҳилпираганда Ватан шуҳрати юксалади
Халқаро спорт майдонларида Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилганида унинг рангларида халқимизнинг орзу-интилишлари, ёшларимизнинг салоҳияти ва мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар намоён бўлади. Буни пара енгил атлетикачимиз Асила Мирзаёрова ҳаёти ва спортдаги муваффақиятлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. 1991 йилнинг шу санасида қабул қилинган давлатимиз рамзи ўтган йиллар давомида дунёнинг турли бурчакларида — халқаро мусобақалар, қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида юксакларга кўтарилди. Ҳар гал байроғимиз кўтарилганда унинг ортида қанчадан-қанча машаққатли меҳнат, қатъият ва ишонч мужассам эканини ҳис этамиз.
Айниқса, ногиронлиги бўлган инсонларнинг спортда эришаётган ютуқлари алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро, бу натижалар нафақат спортчининг иродаси ва иқтидорини, балки улар учун яратилаётган имкониятлар, Паралимпия ҳаракатига қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш самарасини ҳам ифода этади.
Ана шундай спортчилардан бири — пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Асила Мирзаёрова. Унинг ҳаёт йўли ва спортдаги ютуқлари инсон иродаси, мақсадга садоқат ва ўз имкониятига ишонч қандай юксак марраларга етаклашини кўрсатади.
Асила 2017 йилдан халқаро мусобақаларда иштирок эта бошлади. Ўша йили Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқди, ўсмирлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида узунликка сакраш бўйича олтин медалга сазовор бўлди. 2018 йилда Жакартада ўтказилган ёзги Параосиё ўйинларида 4,47 метр натижа билан бронза медални қўлга киритди.
Кейинги йиллар унинг спортдаги ўсиши ва халқаро майдонда тобланиши билан кечди. 2019 йилда Дубайда ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этган спортчимиз 2021 йилда шу шаҳарда ташкил этилган Гран-при босқичида узунликка сакраш бўйича ғолиб бўлди. Шу йили Токиода ўтказилган XVI Паралимпия ўйинларида 4,91 метр натижа қайд этиб, кумуш медалга сазовор бўлди. 2023 йилда Парижда ташкил этилган жаҳон чемпионатида 5,13 метр натижа билан олтин медални қўлга киритган Асила Мирзаёрова ўзининг асосий мақсади — Паралимпия ўйинлари чемпионлиги сари яна бир муҳим қадам ташлади.

2024 йилги XVII ёзги Паралимпия ўйинлари Асила Мирзаёрова фаолиятидаги энг ёрқин саҳифалардан бири бўлди. Узунликка сакрашнинг Т11 классидаги финалда у дастлабки уринишидаёқ 5,22 метр натижа қайд этиб, рақибларидан устунлигини намоён қилди. Бешинчи уринишда эса 5,24 метрга сакраб, ўз натижасини янада яхшилади ва Паралимпия чемпионига айланди.
Энг муҳими, ушбу натижа Паралимпия ўйинлари рекорди сифатида қайд этилди. Асила 1996 йилги Атланта Паралимпия ўйинларидан буён сақланиб келган 5,07 метрлик рекордни янгилади. Париждаги ғалаба нафақат спортчининг шахсий ютуғи, балки Ўзбекистон байроғини яна бир бор жаҳон спорт майдонида баланд кўтарган тарихий воқеа бўлди.
Мазкур муваффақият давлатимиз раҳбари томонидан ҳам муносиб эътироф этилди. Асила Мирзаёрова 2021 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи», 2024 йилда эса «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонлари билан тақдирланди.

Асила Мирзаёрова учун 2026 йил ҳам сермазмун ва муваффақиятларга бой бўлди. Чехиянинг Оломус шаҳрида пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасидаги халқаро Гран-при турнирида T11 класси бўйича узунликка сакрашда олтин медалга эга чиқди.
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилган V ёзги Параосиё ўйинларида у учта медалга сазовор бўлди.
Дастлаб, 100 метрга югуришнинг Т11 классида 12,73 сония натижа қайд этиб, бронза медални қўлга киритди. Кейин 200 метрга югуриш финалида йўлбошловчи югурувчи Сардор Бахтиёров ҳамроҳлигида 25,86 сония натижа билан маррага етиб келиб, кумуш медаль соҳиби бўлди.
Спортчининг асосий йўналиши — узунликка сакрашда эса яна бир бор ўз сўзини айтди. Т11 классидаги финалда 5,04 метр натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритди. Бу кўрсаткич Параосиё ўйинлари рекорди сифатида қайд этилди. Шу тариқа, Асила Аичи–Нагоядаги мусобақани бир олтин, бир кумуш ва бир бронза медали билан якунлади.
Унинг 2026 йилдаги ҳаракати фақат спорт майдонидаги натижалар билан чекланмади. Аичи–Нагоя Параосиё ўйинлари доирасида ўтказилган сайловда Асила Мирзаёрова 2026–2030 йиллар учун Осиё Паралимпия қўмитаси Спортчилар қўмитаси аъзолигига сайланди. Мазкур қўмита Осиё қитъасидаги параспортчилар манфаатларини ифода этиш, уларнинг фикр ва таклифларини халқаро даражада илгари суриш ҳамда Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу эса ўзбекистонлик спортчининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат.

— Ҳар бир спортчи учун халқаро мусобақаларда Ватан байроғини баланд кўтаришдан ортиқ бахт йўқ. Айниқса, ғалабангиз шарафига давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилганини ҳис қилганингизда, барча меҳнат ва машаққатларингиз ўз самарасини берганини англайсиз. Бундай лаҳзаларда қалбингиз ифтихорга тўлади. Жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Паралимпия ҳамда Параосиё ўйинларида эришган натижаларим менга янада катта масъулият юклади. Бугун юртимизда биз, параспортчилар учун яратилаётган имкониятлардан миннатдорман. Бундан кейин ҳам билдирилган ишончни оқлаб, Ўзбекистон байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтариш учун бор кучимни сарфлайман, — дейди Асила Мирзаёрова.
Асила Мирзаёрова босиб ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, бир ҳақиқат аён бўлади: юксак натижалар тасодифан қўлга киритилмайди. Уларнинг замирида спортчининг йиллар давомидаги машғулотлари, мураббийлар меҳнати, оила ва жамият кўмаги, энг муҳими, инсонга ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган шароитлар мужассам.

18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи кунида Асила Мирзаёрова каби спортчилар ҳақида сўз юритишимиз бежиз эмас. Чунки байроқнинг қадри унинг баланд кўтарилган лаҳзаларидагина эмас, балки шу юксакликка олиб чиққан инсонлар меҳнатида ҳам намоён бўлади. Ҳар бир ғалаба, ҳар бир рекорд, ҳар бир халқаро эътироф байроғимизга бўлган ҳурмат ва миллий ғуруримизни янада мустаҳкамлайди.
Зеро, байроғимиз баланд ҳилпираган ҳар бир манзилда Ватан номи, халқимизнинг орзу-интилишлари ва ёшларимизга билдирилган ишонч мужассам.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА