Спорт: фиджитал спортчилар Ўзбекистон чемпионлиги учун курашмоқда
Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси Москвадаги ШҲТ очиқ кубогига йўл олди. Аммо таркибда Олимпия чемпиони Акбар Жўраевнинг йўқлиги кўплаб саволларни туғдирмоқда.
Оғир атлетикачиларимиз Москвага Акбар Жўраевсиз йўл олди
Бугун, 17 ноябрь куни оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) очиқ кубоги комплекс мусобақасида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
Эртага, 18 ноябрь куни ШҲТга аъзо мамлакатларнинг маҳоратли оғир атлетикачилари иштирокида бошланадиган халқаро турнирда ватанимиз шарафини 6 нафар спортчи ҳимоя қилади.

Мазкур халқаро мусобақада жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари ғолиби, дунё рекордчиси Акбар Жўраев иштирок этмаяпти. Бунинг сабабини Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош котиби Олим Маҳмудов маҳоратли спортчимизнинг яқинда Хитойда ўтказилган жаҳон чемпионатида қатнашгани, ҳозирда тикланиш жараёнида экани билан изоҳлади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти очиқ кубоги комплекс мусобақасининг оғир атлетика баҳслари 21 ноябрга қадар давом этади.

Фиджитал спортчилар мамлакат чемпионлиги учун курашмоқда
Шу кунларда пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” мажмуаси ва майдонларида фиджитал спортнинг бир қатор йўналишлари бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақалари ўтказилмоқда.
Ортда қолган кунлар давомида фиджитал-футбол ўйинларида саралаш мусобақалари ўтказилаётган бўлса, фиджитал-баскетбол, лазертаг ва “Just Dance” йўналишларида совриндорлар аниқланди.
Мамлакатимизнинг 36 та жамоаси иштирокида ўтаётган биринчиликнинг фиджитал-баскетбол баҳсида “Ренессанс” университети жамоаси чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Кейинги поғоналарни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси банд этди.
“Just Dance” йўналишида тошкентлик Сўғдиёна Абдухолиқова, чирчиқлик Фарангиз Шокиржонова ва андижонлик Моҳинур Раҳимбердиева ғолиб ва совриндорликни қўлга киритди.
Фиджитал спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА