Спорт билан шуғулланиш барчанинг вазифаси
Муносабат
Президентимиз жорий йилнинг 21 ноябрь куни ёшларни спортга кенг жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” бўйича давлат дастури доирасида навқирон авлодга кенг имкониятлар яратилмоқда. 10 миллиондан зиёд аҳоли оммавий спорт билан шуғулланмоқда.
Барча ҳудудларда, таълим ва меҳнат жамоаларида турли мусобақалар ўтказилмоқда. Давлат дастурида жамоавий спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш вазифаси белгиланган. Шунга мувофиқ, қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Масалан, жамоавий спорт турлари бўйича “Маҳалла лигаси” ва “Мактаб лигаси” мусобақаларини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Давлат олий таълим муассасаларида спорт клубларини ташкил қилиш, улар ўртасида “Талабалар лигаси”, “Вазир кубоги” ва “Ректор кубоги” каби мусобақалар ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Жамоавий спорт турлари бўйича миллий лигалар қўллаб-қувватланади. Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ҳудудий спорт клублари тузилади. “ERP Sport” электрон тизимида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва селекция қилиш жорий этилади.
Таклифга кўра, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “жисмоний тарбия ва спорт куни” сифатида белгиланади. Жалб қилинган ёшлар сони ҳамда эришилган натижаларга қараб, спорт мактаблари ходимларига устама берилади. Шунингдек, инфратузилмадан келиб чиқиб, муассасалар муайян спорт турларига ихтисослаштирилади.
Тизим мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозимини жорий этилиб, уларга бештагача маҳалла ва таълим муассасалари бириктирилади. Маҳаллаларда тўгараклар ташкил этган тренерлар қўшимча рағбатлантирилади.
Президент спорт соҳаси ёшларга оид давлат сиёсатининг катта йўналиши эканини таъкидлаб, жойларда бу борадаги қулайликларни кенгайтириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук этиб тарбиялаш бўйича фикрларини билдирди.
Шу билан бир қаторда Бухоро давлат университетида ҳам спорт клублари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, тизимли тарзда “Ректор кубоги”, “Талабалар лигаси”, “Вазир кубоги”, “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақалари ташкил этилмоқда ва республика босқичларида университет жамоаси муносиб иштирок этиб келаётганлиги барчамизга сир эмас.
Университетда бугунги кунда жамоавий спорт турларига катта эътибор қаратилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги кунда нафақат университет жамоаси балки, университет ён-атрофида жойлашган маҳалла, мактаб ёшлари ҳам келиб катта ва кичик университетда ташкил этилган 12 спорт тўгаракларида футбол, волейбол, баскетбол, гандбол, енгил атлетика, бокс, кураш, дзюдо, стол тенниси, шахмат, шашка каби спорт турлари билан шуғулланиш тизими йўлга қўйилган.
Бу тўгараклар фаолияти натижаси сифатида алоҳида эътибор қаратиш лозимки, университет жамоа вакиллари нафақат вилоят миқёсда балки, республика босқичларида юқори натижаларни қўлга киритмоқда.
Анвар Сатторов,
БухДУ Спорт фаолияти кафедраси мудири,
Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор.
ЎзА