Ички ишлар вазири Қоровул қўшинларидаги хизмат фаолияти билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ҳамда соҳа масъуллари Қоровул қўшинлари қўмондонлигида амалга оширилаётган ишлар, хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда рақамли трансформация масалалари билан яқиндан танишди.
Ўрганишлар давомида Ички ишлар вазирлигининг ҳарбийлаштирилган тузилмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, хизмат инфратузилмасини янада такомиллаштириш, режалаштирилган қурилиш ва реконструкция лойиҳаларининг амалга оширилиш ҳолати атрофлича ўрганилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг спорт ва жанговар тайёргарлиги, уларнинг касбий маҳоратини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам кўздан кечирилди.
Масъуллар хизматчилар ва аскарлар учун яратилган ижтимоий-маиший шароитлар билан танишиб, уларнинг хизматни муносиб ўташлари учун қулай муҳит яратиш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади.

ИИВ Қоровул қўшинлари ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг ҳамкорликдаги фаолиятини рақамлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган замонавий электрон платформанинг тақдимоти муҳокама қилиниб, унинг имкониятлари ва амалиётга жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир давомида вазирлик раҳбарияти томонидан хизмат фаолиятида ҳалоллик ва қонунийлик тамойилларига қатъий амал қилиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Ҳар бир ходим ва ҳарбий хизматчи хизмат интизомига сўзсиз риоя этиши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомалалик ва юксак масъулият намоён этиши лозимлиги таъкидланди.
Белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА