Ерга оид қонунчиликни холис ёритиш очиқ мулоқотда муҳокама этилди
Кадастр агентлиги Сурхондарё вилоятидаги марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари учун очиқ мулоқот ташкил этди.
Унда Кадастр агентлиги директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Неъматжон Атамуродов, Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хусниддин Ўразов, Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Собир Шаймарданов соҳада юз бераётгаан ўзгариш ва янгиланишлар, бошқармалар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолини кадастр хизматлари бўйича хабардор қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, электрон хизматлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган хатлов ишларига эътибор қаратилди. Ижтимоий тармоқларда айрим мурожаатларни бирёқлама ёритишга уриниш бўлаётгани, баъзи ҳолларда амалдаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий ҳолатлар тўлиқ акс эттирилмаётгани, шунингдек, кадастр идораларининг тўлақонли ваколат доирасига кирмайдиган масалалар кўтариб чиқилаётгани хусусида фикр алмашди. Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган нохолис маълумотлар аҳолида турли асоссиз фикрлар уйғонишга сабаб бўлаётганини қайд этди. Кўчмас мулк объектларига кадастр паспортларини шакллантириш соҳасида аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида сўз юритилди.

Очиқ мулоқотда таъкидланганидек, мамлакатимизда ер муносабатларини тартибга солиш, ер ресурсларидан оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Ер кодекси”нинг қабул қилиниши бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Жанубдаги воҳа 2 миллион 9 минг 911 гектар умумий ер майдонига эга. Унинг 261 минг 572 гектари суғориладиган экин ерларидир. Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси жорий йилнинг ўтган даврида ерга оид қонунбузарликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, профилактик ва назорат ишларини амалга ошириб, беш ойда 820 та ҳолатда 136,3 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганини аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди. Ҳозиргача 401 та ҳолатдаги 52,9 гектар ер майдонида қонунбузилиш ихтиёрий бартараф этилди. 358 нафар жисмоний ва юридик шахсга нисбатан 18 миллиард 312 миллион 900 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, шу кунгача 2 миллиард 554 миллион 300 минг сўм ундирилди. 680 та ҳолатда 1 минг 595,9 гектар ер майдони мақсадсиз фойдаланилган, деб топилиб, ҳокимликларга тегишли тақдимнома киритилди ва давлат захирасига қайтарилди.

Вилоятда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш бўйича ҳам кенг қамровли хатлов ишлари олиб борилмоқда. Шу йил учун тасдиқланган режага мувофиқ воҳадаги 146 маҳаллада хатлов ўтказилиши белгиланган. Беш ойда 115 та маҳалла чегараси тасдиқланиб, “UZKAD” ахборот тизимига киритилди. 114 минг 245 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Уларнинг 87 минг 462 таси “UZKAD” дастурига киритилиб, 51 минг 665 таси ҳуқуқий хулосалар олиш учун “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига юборилди. 8 минг 666 фуқаронинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари тегишли тартибда эътироф этилди. Бу ҳақда тегишли қарор олган фуқароларнинг атиги 2 минг 499 нафари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказган.
– Лекин ҳозиргача уларнинг 6 минг 167 та кўчмас мулк ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилмагани кишини ўйлантиради, – дейди Кадастр агентлиги директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Неъматжон Атамуродов. – Аслида бу узоқ йиллар ҳуқуқий мақоми ҳал этилмаган мулкларни қонунийлаштириш орқали аҳолининг мулкий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим натижа бўлди. Кўп юртдошларимизнинг ушалмас орзуси рўёбга чиқди.

Қизиқарли маълумот ва фойдали баҳсларга бой бўлган очиқ мулоқотда соҳани оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқда ёритаётган журналист ҳамда блогерларнинг телеграмм гуруҳини ташкил этиш, соҳага оид қонунчилик ва янгиликлардан аҳоли хабардорлигини ошириш таклифи илгари сурилди. Соҳа ходимларининг иш жараёнини ўрганишга қаратилган пресс-тур уюштириш таклиф этилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири