“Сўз – қалб кўзгуси” номли китоб тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мазкур уюшма аъзоси, шоир Хуршид Нуруллаевнинг “Сўз – қалб кўзгуси” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирига ёзувчи ва шоирлар, адабиёт мухлислари, олимлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Сувон Мели ва бошқалар Хуршид Нуруллаевнинг ижод йўли ҳақида батафсил гапирди.
–Ҳаммамиз китоб заҳматини яхши биламиз, – деди Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – Хуршид акани маънавиятимиз, маърифатимиз, шеъриятимиз фидойиси сифатида кенг жамоатчилик яхши танийди. Инсоннинг сўзида қалбининг ранги, жаранги, унинг товланишлари яққол кўринади. Хуршид ака ҳам амали билан сўзи бир, қалб дунёси шеъриятида яққол акс этиб турган ижодкордир. Асли шоирнинг қалби башарият изтироблари, дарду ташвишларига туташ бўлади. Бу жиҳатлар муаллифнинг “Сўз – қалб кўзгуси” номли янги китобидаги шеърлари орқали ҳам яққол намоён бўлади.
–Мен бу китобни ўқиб чиқиб, шундай хулосага келдимки, Хуршид аллақачон ўз овозига, ўз сўзига эга бўлган шоир экан, – деди адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Сувон Мели. – Хуршиднинг шеърларида метафизик, сўфиёна тафаккур, тасаввур бор. Китобни ўқиб, яна бир нарсага ҳайрон қолдим. Китоб ниҳоятда чиройли чиққан. Сатрлардаги маънолари, ҳатто китоб муқовасидаги расм ҳам маъноларга, рамзларга тўла.
Таниқли ижодкор, Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмоннинг фикрича, Хуршид Нуруллаев шеъриятида қалб кечинмалари, она-табиат билан мулоқот, бетакрор манзаралар, инсоннинг ҳаётга бўлган теран фалсафий мушоҳадалари устувор ўрин эгаллайди.
Айтиш керакки, Хуршид Нуруллаев 1959 йилда Самарқанд заминининг Тойлоқ туманида таваллуд топган. Унинг ижодий йўлида шеърият билан бирга наср, жумладан, ҳикоя, афоризм, ҳажвия, панд-ўгит каби жанрлар ҳам муҳим ўрин тутади. Ижодкорнинг “Ёмғир ҳиди” (2005), “Туғён” (2006), “Муҳаббат мулки” (2008), “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” (2014), “Ҳаммаси асабдан” (2014), “Муҳаббат бор” (2017), “Кўнгилдаги гаплар” (2017), “Беш фасл ва юрт васфи” (2018), “Бахтли бўлиш ўзимизга боғлиқ” (2019), “Кўнгил чашмасидан томчилар” (2021), “Тафаккур тасвири” (2022) каби китоблари муаллиф адабий изланишларининг турли қирраларини намоён этади.
[photobank-31532]
Тадбирда Хуршид Нуруллаев ижоди, унинг янги китоби хусусида атрофлича сўз юритилди. Дарҳақиқат, “Сўз – қалб кўзгуси” китоби ҳам муаллифнинг умри давомида орттирган тажрибаси, одамлар билан мулоқоти, кузатувлари, қалбидан кечган туйғуларининг бадиий ифодасидир. Хуршид Нуруллаевнинг ҳаёт йўли меҳнат ва масъулият, ижод ва изланиш, жамоатчилик фаолияти ва китобга садоқат уйғунлашган йўлдир.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари