Сўх дарёси — тараққиёт энергияси манбаи
Сўхнинг табиий бойлиги унинг тоғларидан бошланиб, водий томон оқиб келадиган дарёсидир. Асрлар давомида аҳоли бу сувдан деҳқончилик, боғдорчилик ва кундалик эҳтиёжлар учун фойдаланиб келган. Энди эса дарёнинг энергетик салоҳияти ҳам халқ манфаатига хизмат қилиши кутилмоқда.
Сўх дарёсидан бугун бир дақиқада 20-25 кубометр сув оқиб ўтади. Ёз кунлари эса бу рақам 325 кубометрга етади. Унинг таркибидаги қум лойқаси эса 3 фоиздан ошди. Хўш, Сўх дарёси устида гидроэлектростанция қуриш мумкинми?
Мутахассисларнинг изланиши ва тажрибаси натижасидаги жавоб шундай бўлди: мумкин!Лойиҳанинг ҳуқуқий асосларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 майдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридир. Унда Сўх туманида янги гидроэлектр станцияси қуриш алоҳида инвестиция лойиҳаси сифатида белгиланган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 40,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. У “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

”Гидропроект” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган техник лойиҳага мувофиқ, станциянинг ўрнатилган қуввати 15 мегаватт бўлади. Сўх туманининг йиллик электр энергияси истеъмоли қарийб 70 миллион киловатт-соатни ташкил этади. Демак, янги ГЭС туман эҳтиёжининг тўртдан уч қисмини қоплаш имконини беради. Бу эса ҳудуднинг энергетик таъминотида жиддий ўзгариш ясайди.
– Қарор асосида ушбу иншоот қурилмоқда, – деди “Ўзгидроэнергоқурилиш” АЖ бош мутахассиси Темур Набиев. – Унинг умумий қуввати 15 мегаваттни ташкил этади. Ҳар бир агрегатимиз 7,5 мегаватт энергия беради. Бир йилда 50 миллион киловатт соат энергия ишлаб чиқаради. Бу эса Сўх тумани аҳолисининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлайди.
– Лойиҳа “Миллий лойиҳа” концепцияси доирасида амалга оширилмоқда. Яъни, лойиҳа ва қурилиш ишларининг барча босқичлари “Ўзгидроэнерго” АЖ тизими томонидан бажариляпти, – деди “Ўзгидроэнергоқурилиш” АЖ ишлаб чиқариш бўлими мутахассиси Маъруфжон Раупов.
Ҳозир дарёнинг сўл қирғоғида ишлар жадал олиб борилмоқда. Иш бошида дарё ўзанининг бир қисмини янги йўналишга буриш бўлди. Бу ерда қудратли техник воситалар ҳаракат қилмоқда.

– Ҳозирги кунда 14 та экскаватор, 40 та юк машиналари, ўнлаб юкловчи механизмлар ҳамда булдозерлар ишламоқда. Ишчилар сони эса тўрт юздан ортиқ, – деди “Ўзгидроэнергоқурилиш” АЖ бош директори маслаҳатчиси Собиржон Мираҳмедов. – Ер ишларининг тўқсон фоизи бажарилди. Жами ўн олти минг тоннадан зиёд бетон қуюлди. Тўғон бошида уч километр узунликдаги бетон канал қурилиши ҳам жадал давом этмоқда. Ҳозиргача унинг дастлабки 1000 метри битказилди. Сўх ГЭСининг ўзигагина хос хислатлари бор. Унда сув тиндиргич, сув тўплагич иншоотлари қурилмоқда. Чунки, Сўх дарёси суви Ўзбекистондаги таркибида энг кўп қум зарралари ва лойқа борлиги билан ажралиб туради.
Лойиҳа доирасида янгича ечимлар ҳам мавжуд. Масалан, сув тиндиргич иншооти Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Сув таркибидаги лойқа, қум шу ерда тиндириб олинади, сўнг чўкинди алоҳида йўлакдан чиқариб юборилади. Тоза сув эса агрегатларга оқизилади.
Сўх ГЭСи лойиҳасида аҳоли бандлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Қурилиш даврида 400 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Станция фойдаланишга топширилгач эса 17 та доимий иш ўрни яратилади.

Янги ГЭСнинг яна бир иқтисодий самараси табиий газ тежалиши билан боғлиқ. Ҳисоб-китобларга кўра, станция ишга тушгач, йилига қарийб 14 миллион куб метр табиий газ тежалиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатнинг энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
– Бу ерга иккита агрегатнинг сув чиқариш элементлари ўрнатилган. Ҳозир эса бетон ишлари олиб борилмоқда, – деди Темур Набиев. – Ушбу агрегатлардан бир секундда 60 кубометр сув чиқиб энергия ҳосил қилди.
Сўх дарёси суви асрлар давомида бу замин аҳолисининг ризқу-рўзига хизмат қилиб келган. Энди эса унинг қуввати замонавий технологиялар воситасида электр энергиясига айлантирилиб, янада кенг имкониятлар эшигини очмоқда. 15 мегаватт қувватга эга бўлажак ГЭС — бу шунчаки бетон, металл ва турбиналардан иборат иншоот эмас. Бу Сўхнинг эртанги кунига, унинг иқтисодий тараққиётига, аҳоли фаровонлиги ва ёшлар келажагига қаратилган сармоядир.
Сўх дарёси энди нафақат далаларга сув, балки хонадонларга нур, ҳудуд тараққиётига янги энергия бағишлайди.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов,
ЎзА мухбирлари