Электр тармоқлари янгиланмоқда
Сўхнинг Тул ва Чашма маҳаллалари оралиғи 30 километр бўлиб, оралиқда яна 23 та МФЙ жойлашган. Бугун уларнинг барчасида бирдек электр тармоқлари янгиланмоқда.
— Туманимизда 425 километр электр тармоғи бўлиб, у 1969 йилда қурилган. Бугунга келиб тизимда янгиланишлар олиб борилмоқда, — дейди Сўх туман электр таъминоти идораси бош муҳандиси Бахтиёр Раҳмонов. — Агар эски тизимда 105 та трансформатор бўлса, энди улар сони 254 тага етказилди.

— Қўшни давлат билан чегарадош Чашма маҳалласида бир ярим минг аҳоли истиқомат қилади. Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча симёғочлар янгиланиб, қувватли симлар тортилди, — дейди меҳнат фахрийси Ҳамиджон Акбаров. — Илгари чой 20-25 дақиқада қайнаса, ҳозирда 3-5 дақиқада қайнайди. Бундай ғамхўрлик, ислоҳотлар ортида Президентимиз турганини халқимиз билиб, доим дуода.
Сўх туманидаги Тул МФЙ аҳолиси ҳам ободончилик, янгиланиш борасидаги ишларни қўллаб-қувватламоқда. Зеро, гап фақат электр таъминоти тизимининг янгиланишидагина эмас. Бу ўз навбатида янги корхоналар, янги иш ўринлари очишнинг қулай имконияти ҳамдир.
– Қишлоғимизга ҳамманинг ҳаваси келди. Кўчаларнинг асфальт бўлмаган қисми қолмади. Юз фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланди, – дейди меҳнат фахрийси Фазлиддин Дадакаримов. – Мен халқига меҳрибон юртда яшаётганимдан фахрланаман.

– Ҳозир иккита янги, қуввати 10 минг киловаттли трансформаторлар қўйиш устида иш бошланди, – дейди Бахтиёр Раҳмонов. – Шу кунга қадар фойдаланиб келганимиз қуввати 4 минг киловатт эди. Энди сифатли таъминот имконияти икки ярим баробарга ошади.
Муҳаммаджон Обидов
Элёр Обидов