Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилгани фуқароларда фахрланиш ҳиссини янада оширади
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан жойларда байрам тадбирлари қизғин руҳда ташкил этилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Давлат байроғи — миллий ғурур, халқ ҳамжиҳатлиги ва юксак фуқаролик туйғусини шакллантириш омили” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам турли соҳа вакиллари жам бўлиб, Давлат байроғи халқимиз орзу-интилишлари намунаси экани эътироф этилди.
— 1991 йил 18 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз мустақил давлат сифатида ўз давлат рамзларини белгилаб олган муҳим тарихий воқеалардан бири бўлди, — деди қўмита раиси Н.Жумаев. — Байроғимиз халқимизнинг эзгу мақсадлари, миллий қадриятлари, тинчлик ва фаровонликка бўлган интилишларини ўзида мужассам этган муқаддас тимсолдир.

Давра суҳбатида давлат рамзларига оид қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, 2023 йил 7 июлда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди. Хусусан, Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ва иш жойларида, уларга туташ ҳудудларда ҳамда транспорт воситалари салонида фойдаланишга рухсат берилди.
Бу эса Давлат байроғини фақат расмий давлат тадбирларининг рамзи сифатида эмас, балки ҳар бир фуқаронинг Ватанга бўлган муҳаббати, фахр-ифтихори ва дахлдорлигини ифодаловчи миллий тимсол сифатида намоён этиш имкониятларини кенгайтирди.
Муҳокамалар давомида ҳуқуқшунос олимлар, маданият соҳаси вакиллари ва журналистлар Давлат байроғининг тарихий ва ҳуқуқий асослари, унда акс этган ранглар ва рамзларнинг маънавий-фалсафий мазмуни, байроқнинг ҳар бир фуқаро қалбидан ўрин эгаллагани, ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур, фуқаролик масъулияти ва умуммиллий бирдамлик туйғуларини шакллантиришдаги аҳамияти борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, давра суҳбатида давлат рамзларига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, Давлат байроғининг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш ва уни эъзозлаш маданиятини юксалтириш борасидаги вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
М.Комилова,
ЎзА