Сотувчи ўз хатосини тушунди
Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида яшовчи фуқаро Т.Д. Нукус шаҳрида жойлашган кийим-кечак дўконларининг биридан 1 миллион сўмга аёллар кўйлагини сотиб олади.
Уйга бориб кўйлакда нуқсон борлиги кўради ва фуқаро ўша вақтнинг ўзида кийимни дўконга қайтиб бориб вазиятни тушунтиради. Бироқ дўкон сотувчиси сотилган товар қайтариб олинмаслигини айтади. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига кўра агар маҳсулотда нуқсон аниқланса, сиз уни янгисига алмаштириш, камайтирилган нархда қолдириш ёки тўлиқ пулни қайтариб беришни талаб қилишингиз мумкин. Бу ҳуқуқ сотиб олинган кундан бошлаб 24 соат ичида амал қилади. Агар товар кафолатли бўлса — у ҳолда кафолат муддати мобайнида кучда бўлади.
Харидор Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефонига қўнғироқ қилади. Мурожаат Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан тезкорлик билан ўрганилди ва жамият мутахассислари томонидан дўкон раҳбари билан қонун талаблари бўйича суҳбат ўтказилади. Натижада дўкон эгаси ўз хатосини тушунди ва фуқаронинг 1 миллион сўм пули тўлиқ қайтариб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА