Бир асрлик тарихга эга институт
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ташкил этилганининг 95 йиллиги муносабати билан ушбу нуфузли олий таълим муассасасида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Қарийб бир асрлик тарихга эга таълим даргоҳи юбилейи нафақат институт жамоаси, балки мамлакатимиз таълим тизими, иқтисодиёт ва сервис соҳалари учун ҳам муҳим воқеа сифатида нишонланди.

Тантанали тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари У.Саломов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Х.Тўхтаев, Республикадаги олий таълим муассасалари ректорлари, хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққанлар институт жамоасини 95 йиллик қутлуғ сана билан қутлаб, таълим муассасасининг мамлакатимиз олий таълим тизимида тутган ўрни, илм-фан ва таълим ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталди. - Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўзининг қарийб бир асрлик фаолияти давомида иқтисодиёт, савдо, хизмат кўрсатиш, туризм ва тадбиркорлик соҳалари учун минглаб юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб берди, - деди институт ректори Мухиддин Пўлатов. - Институт турли йилларда халқ хўжалиги учун товаршунослар, ҳисобчилар ва иқтисодчилар тайёрлаб берган. Мураккаб ижтимоий-иқтисодий даврларда ҳам таълим ва илмий фаолият узлуксиз давом эттирилган. Хусусан, мустақилликнинг илк йилларида талабалар қабули чекланган бўлишига қарамай, институт олимлари ва устозлари соҳа учун кадрлар тайёрлашни изчил давом эттирган.

Бугунги кунда институт иқтисодиёт, туризм ва сервис соҳалари учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлашда етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, дуал таълим тизимини Республикада биринчи бўлиб жорий этган олийгоҳлардан бири сифатида талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Анжуман қатнашчилари институтнинг тараққиёт босқичи, замонавий таълим дастурлари, халқаро ҳамкорлик алоқалари, илмий салоҳияти ва келгусидаги стратегик ривожланиш йўналишларини алоҳида эътироф этди. Айниқса, хорижий университетлар билан амалга оширилаётган қўшма дастурлар, академик алмашинувлар ва илмий лойиҳалар таълим сифатини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Халқаро анжуман доирасида институтнинг бой тарихи, босиб ўтган тараққиёт йўли ва эришилган ютуқларини намоён этувчи кўргазма ташкил қилинди. Кўргазма институтнинг қарийб бир асрлик илмий ва маънавий меросини яна бир бор намоён этиб, иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.

— Мен шу даргоҳда таҳсил олганимдан фахрланаман, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Шарипов. — Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган кўплаб таниқли тадбиркорлар, раҳбар кадрлар ва иқтисодчилар айнан шу олийгоҳ битирувчилари экани институт нуфузининг яққол далилидир.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА