“Сўнмас жасорат” – ватанпарварлик ва мардлик ҳақида
Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан “Сўнмас жасорат” китоби нашрдан чиқарилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда академия раҳбарияти, тизим фахрийлари, хизмат пайтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари, профессор-ўқитувчилар ва ёшлар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида элу юртимиз осойишталиги йўлида азиз жонини фидо қилган ички ишлар ходимларининг хотираси ёд этилди. Уларнинг сўнмас жасорати йиллар ўтгани сайин, бўлғуси авлодларга ҳамиша ибрат намунаси бўлиб келаётгани айтиб ўтилди.
Китобда Тошкентдаги собиқ милиция мактаблари, кейинчалик Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаб, республикамизнинг турли ҳудудларида хизмат олиб борган, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда улкан матонат кўрсатиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлганларнинг умр йўли ёритилган.

Уни нашрга тайёрлашда шу кунгача чоп этилган хотира китобларидан фарқли ўлароқ, ҳужжатли материаллардан унумлироқ фойдаланишга, жасорат соҳиблари ҳақида китобхонга кўпроқ маълумотлар беришга, улар кўрсатган қаҳрамонликни содда ва равон баён этишга эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, китобдан элимиз ардоғидаги шоирларнинг Ватан, фидойилик, мардлик, шижоат, инсонпарварлик, эзгуликни улуғлаган шеърлари ўрин олганки, бу ҳам юртдошларимиз, айниқса ўсиб келаётган ёш авлод қалбида дахлдорлик туйғуларини уйғотиши, шубҳасиз.

Тадқимотда академия бошлиғи Рустам Хатамов, истеъфодаги генерал-майор Тоҳир Муллажонов, Мирсамад Адилов, муаллифлардан Қувонч Қодиров ва бошқалар сўзга чиқди. Ватан олдидаги бурчини муносиб адо этган ўғлонларимизни ҳамиша ёд этиш, уларнинг мардлиги ва жасоратини бугунги авлодга етказиш, ўсиб келаётган ёшларни юксак ватанпарвар этиб тарбиялаш бугуннинг долзарб вазифаси эканлиги, хотира китоби ана шу йўлдаги хайрли ишларнинг амалий давоми бўлгани эътироф этилди.


ИИВ академияси Ахборот хизмати