“Сўнгги қўнғироқ” – мустақил ҳаёт сари қадам
Бугун республикамизнинг барча ҳудудларидаги таълим муассасаларида “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Навоий вилоятидаги мавжуд 367 та умумтаълим, 1 та Президент ва 7 та ихтисослаштирилган мактабда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, умумтаълим мактабларини 12 минг 207 нафар ўқувчи тамомламоқда.Уларнинг 368 нафари олтин, 124 нафари эса кумуш медаль билан тугатмоқда.
Жорий йилда умумтаълим мактаблари битираётган ўқувчиларнинг 484 нафари максимал баллни қўлга киритиб, муддатидан олдин грант асосида талаба бўлди. Шунингдек, 40 нафар ўқувчи дунёнинг “ТОП-500” таликка кирган олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Навоий шаҳридаги 16-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, Юртбошимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилиб, ёшларимиз учун олий таълим муассасаларида ўқиб, билим ва тажриба тўплашлари учун барча имкониятлар яратилганлиги таъкидланган.
[gallery-29615]
Жумладан, Юртбошимиз табригида шундай дейилади: “...бугунги битирувчи – эртанги муҳандис, шифокор, олим, шоир ва адиб, тадбиркор дегани. Бугунги битирувчи – Учинчи Ренессанс бунёдкори дегани. Сизлар Янги Ўзбекистоннинг энг катта ишончи ва таянчисиз.
Ўзингиз кўряпсиз, бугун ҳаёт ҳам, меҳнат бозоридаги талаб ҳам шиддат билан ўзгариб бормоқда. Янги-янги касблар пайдо бўляпти. Тил, касб, компьютер саводхонлиги ва мустақил даромад топиш кўникмасини эгаллаш муҳим заруратга айланмоқда. Меҳнат бозори энди, аввало, “ҳужжат” эмас, амалий билим, малака ва натижа сўраяпти.
Бугун қишлоқдаги оддий мактаб битирувчиси эртага дунё тан оладиган олим бўлади. Бугун олдига катта мақсадлар қўйган, интилувчан, изланувчан ёшларимиз эртага миллионлаб инсонларга хизмат қиладиган технологияларни яратади. Бугун китоб ўқиётган бир қизалоқ эртага мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган фарзандларни тарбиялайди.
Шу боис, ҳар бирингиз камида биттадан хорижий тил ва замонавий касбни эгаллашга ҳаракат қилинг. Бу келажакка очилган эшик, сиз учун қўшимча имконият ва рағбатдир...”
– Бугун мактабимизнинг 11-синфини 187 нафар ўқувчи тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда, – дейди Навоий шаҳридаги 16-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб директори Нозима Тоғаева. – Битирувчиларимизнинг 42 нафари 189 баллни қўлга киритиб муддатдан олдин талаба бўлди. 151 нафар ўқувчимизда эса 405 та халқаро ва миллий сертификатлар мавжуд. 2 нафар ўқувчимиз хорижий давлатлардаги нуфузли ТОП - 100 талик олий таълим муассасаларига қабул қилинди.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида битирувчи ёшлар устозларига миннатдорлик билдирди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА