Иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги фармони билан тасдиқланган “Янги Ўзбекистон ёшлар – 2030” стратегиясида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат бозорига кириб келишига кўмаклашиш, 2025/2026 ўқув йили битирувчиларини иш жойларига самарали тақсимлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркалари ва “Карьера куни” тадбирларини ўтказиш вазифаси юклатилган.
Шу мақсадда бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида 2025/2026 ўқув йили битирувчилари ҳамда иш берувчи вазирликлар, идоралар, турли ташкилот, корхона ва муассасалар ўртасида бевосита мулоқотини таъминлаш мақсадида “Битирувчи ёшлар – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий соҳани ривожлантириш департаменти раҳбари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов ёшлар – келажагимиз пойдевори экани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсади эканини эътироф этди. Кейинги йилларда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида муқаддас ислом динини илмий нуқтаи назардан, фундаментал тадқиқ этиш, улуғ алломалар маънавий меросини қайта кашф этиш орқали дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшадиган юксак салоҳиятли мутахассис-кадрлар тайёрлаш жараёнида ҳам кўплаб янгиликлар амалга оширилганини таъкидлади.
[gallery-29620]
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида талабалар ҳамда иш берувчи ташкилотлар билан “Карьера куни” учрашувининг ўтказилиши мунтазамлик касб этган.
Якунланаётган ўқув йили давомида Академия талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётлари ва узоқ муддатли стажировка жараёнларини самарали ташкил этишда катта натижаларга эришди. Ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган маҳорат дарслари ва қўшма лойиҳалар ёшларнинг амалий кўникмаларини шакллантиришда катта ёрдам берди.
Айниқса, Президентимизнинг 2026 йил 24 февралдаги ёшлар билан учрашуви доирасида белгиланган вазифалар ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида “Битирувчидан – профессионал кадр сари!” шиори остида “Workshop” тадбирлари ўтказилди. Бу каби тадбирлар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда меҳнат бозорига самарали интеграциясини кучайтириш мақсадида ташкил этилди.
Жорий ўқув йилида Академияни жами 673 нафар битирувчи ёшлар тамомламоқда. Қувонарлиси, корхона ва ташкилотлар билан йўлга қўйилган мустаҳкам алоқалар туфайли битирувчиларнинг 52 фоизи ўқишни тамомламасданоқ ўзининг доимий иш жойи ва бандлигига эга бўлиб улгурди. Бу олий таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг амалдаги яққол исботидир.
Битирувчиларнинг 145 нафардан ортиғи бугунги кунда IELTS, CEFR ва бошқа турдаги нуфузли миллий ҳамда халқаро тил сертификатларига эга экани уларнинг нафақат маҳаллий, балки хорижий компанияларда ҳам муваффақиятли карьера қуришига кенг йўл очади.
Бугунги “Карьера куни” олий таълим ташкилотлари ва иш берувчилар ўртасидаги самарали мулоқот майдонига айланди. У ёшларимизнинг меҳнат бозорига муваффақиятли интеграциялашувига, уларнинг ўз имконияти ҳамда қизиқишларига мос, муносиб иш топишига замин яратади.
Тадбирда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ иш берувчи ташкилотлар вакилларига Академия томонидан эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди. Иш берувчиларнинг битирувчилар билан суҳбат жараёнлари ташкил этилди. Шу куннинг ўзида талабалар билан меҳнат шартномалари тузилди.
Н.Усмонова,
Отабек Мирсоатов (сурат),
ЎзА мухбирлари