Шахмат тахтасида кечган матонат ва ирода синови
Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи соврини учун ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида шахмат мусобақаси бўлиб ўтди.

Инсон қадрини улуғлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва имконияти чекланган юртдошларимизнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган мазкур тадбир юксак руҳ ва самимий муҳитда бўлиб ўтди.
Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармалари ҳамда вилоят спорт бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган мусобақа иштирокчиларнинг нафақат ақлий салоҳияти, балки матонати, иродаси ва ҳаётга бўлган қатъий ишончини ҳам намоён этди.

Шахмат азалдан тафаккур чархи, сабр ва мустаҳкам ирода синови сифатида қадрланади. Мазкур мусобақада ҳам ҳар бир юриш ортида иштирокчиларнинг интилиши, билим ва тажрибаси, энг муҳими, ҳаётга фаол муносабати яққол кўзга ташланди. Байрамона руҳда ташкил этилган беллашув қатнашчиларга кўтаринки кайфият, томошабинларга эса ёрқин таассурот улашди.
Тадбирда сўзга чиққан Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Дилмурод Худайшукуров мусобақанинг энг катта аҳамияти ғалаба ёки натижада эмас, балки иштирокчиларнинг ўз устида ишлаши, жамият ҳаётида фаол бўлиши ва янги имкониятларни кашф этаётганида эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бу каби мусобақалар инсонни фақат спортга эмас, ҳаётга ишонч билан қараш, ўз имкониятини юзага чиқаришга ундайди. Энг муҳими, бундай ташаббуслар мамлакатимизда инсон қадри, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг амалий ифодасидир.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар тантанали равишда тақдирланди. Мутлақ ғолибга Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бўйича бошқармаси бошлиғининг кубоги топширилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири