Сомонийлар даврига оид меъморий безаклар топилди
Бухоро шаҳридаги Шаҳристон археологик ёдгорлигида олиб борилаётган тадқиқотлар давомида Сомонийлар даврига оид муҳим археологик топилма аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон – АҚШ халқаро археологик экспедицияси томонидан амалга оширилган тадқиқотларда ушбу топилмалар масжидининг меъморий безакларига мансуб бўлган, куфий ёзувлар туширилган ганч панел қолдиқлари эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, мазкур экспедиция ишида Ўзбекистон ва АҚШ мутахассислари билан бир қаторда Россия ҳамда Эрон археологлари, рассомлар, чизмачилар ҳамда «Бухоро» давлат музей-қўриқхонаси ходимлари иштирок этмоқда.

Экспедиция раҳбари Жамолиддин Мирзаҳмедовнинг таъкидлашича, аниқланган ганч панел қолдиқлари тўлиқ ва яхши сақланган ҳолда етиб келмаган. Шу боис топилмани сақлаб қолиш мақсадида мутахассислар томонидан реставрация ва консервация ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассисларга кўра, мазкур топилма Бухоронинг Сомонийлар даври меъморчилиги, хусусан, ганч ўймакорлиги ва эпиграфик безак анъаналарини ўрганишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Айни пайтда Шаҳристон археологик ёдгорлигида қазишма ишлари билан бир қаторда аниқланган меъморий ганч безакларини мустаҳкамлаш, консервация қилиш ва илмий ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА