“Очиқ дарс” – "сирли муаллим", таълим ва тарбия ҳақида ўйга чорловчи спектакль
“Яхши муаллим” деган номни олиш учун бугун фақатгина чуқур билимнинг ўзи кифоя эмас. Бунинг учун касбга садоқат, фидойилик, болаларга меҳр, теран дунёқараш, юксак масъулият ва доимий изланиш талаб этилади. Зеро, ҳақиқий устоз ўқувчига шунчаки дарс бермайди — унинг дунёқарашини шакллантиради, қалбига эзгулик уруғини сочади, илм-фаннинг беқиёс ва мафтункор оламига етаклайди.
Айни шу ҳақиқатлар атрофида мушоҳада юритишга ундайдиган саҳна асарларидан бири атоқли адиб Луқмон Бўрихоннинг “Сирли муаллим” қиссаси мотивлари асосида Ўзбекистон давлат драма театрида саҳналаштирилган “Очиқ дарс” спектаклидир.
Мазкур спектакль моҳир ижодкор Самидхон Лутфуллаев томонидан яратилган. Асарда мактаб ҳаёти, ўқитувчининг машаққатли ва масъулиятли меҳнати, ўқувчи ва устоз ўртасидаги муносабатлар билан бир қаторда таълим тизимида учраб турадиган айрим муаммолар ҳам очиқ ва таъсирчан тарзда акс эттирилган.
Спектакль номи “Очиқ дарс” бўлса-да, саҳнадаги воқеалар фақатгина синфхона ёки мактаб доираси билан чекланиб қолмайди. Аксинча, томоша давомида таълим ва тарбия, устознинг жамиятдаги ўрни, фарзанд тарбиясига ота-онанинг муносабати, ёш авлоднинг маънавий камолоти каби долзарб масалалар ўртага ташланади. Саҳнадаги ҳар бир вазият томошабинни бефарқ қолдирмайди. Кимдир унда ўзининг мактабдаги устозини кўрса, яна кимдир ўқувчилик йилларини эслайди. Айрим саҳналар эса бугунги таълим жараёни, ўқитувчи зиммасидаги масъулият ва жамиятнинг устозга бўлган муносабати ҳақида жиддий ўйлашга ундайди.

Спектаклнинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, унда ўқитувчи тимсоли фақат дарс ўтадиган мутахассис сифатида эмас, балки ёш авлод тақдири учун масъул инсон сифатида талқин этилади. Чунки бир оғиз сўз, бир қараш, биргина эътибор ҳам боланинг келажакдаги ҳаётига таъсир қилиши мумкин.
Бугун мактабларда замонавий технологиялар, янги педагогик усуллар ва инновацион ёндашувлар кенг жорий этилаётган бир пайтда устоз шахсининг маънавий қиёфаси ҳамон муҳим аҳамият касб этади. Чунки энг сўнгги технология ҳам меҳрсиз ва эътиборсиз таълим ўрнини тўлиқ боса олмайди. Боланинг қалбига йўл топиш, унда илмга қизиқиш уйғотиш эса, аввало, ўқитувчининг инсон сифатидаги фазилатларига боғлиқ.
“Очиқ дарс” спектаклида ана шу жиҳатлар саҳна тили орқали очиб берилади. Асардаги қаҳрамонлар тақдири, уларнинг ўзаро муносабатлари ва зиддиятлари орқали таълим соҳасидаги муаммоларнинг илдизлари ҳақида фикр юритилади. Томошабин эса воқеаларни кузатар экан, “Ҳақиқий устоз қандай бўлиши керак?”, “Ўқитувчининг жамиятдаги масъулияти нимадан иборат?”, “Фарзанд тарбиясида мактаб ва оила ҳамкорлиги қай даражада муҳим?” каби саволларга жавоб излайди.

Режиссёр спектакль ечимида саҳнавий ифода воситаларидан унумли фойдаланган. Воқеаларнинг табиийлиги, қаҳрамонлар ўртасидаги мулоқотлар ва ҳаётий вазиятларнинг ишонарли талқини томошабинни спектакль муҳитига яқинлаштиради. Айниқса, жиддий ижтимоий масалаларнинг ортиқча баландпарвозликсиз, ҳаётий воқеалар орқали ифодаланиши асар таъсирчанлигини оширган. Зеро, спектакль муаллифлари томошабинни мулоҳазага чорлашни мақсад қилгани сезилади.
Асарнинг яна бир муҳим жиҳати – унда таълим масаласи бутун жамият муаммоси сифатида қаралади. Чунки мактабдаги муҳит, ўқитувчининг обрўси, ўқувчининг билим олишга муносабати ва фарзанд тарбияси фақатгина бир муассаса ёки бир инсоннинг вазифаси эмас. Бу жараёнда оила, мактаб ва жамиятнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу маънода “Очиқ дарс” спектаклини оддий мактаб ҳаёти ҳақидаги саҳна асари, деб баҳолаш камлик қилади. У томошабинни таълим ва тарбия ҳақида яна бир бор ўйлашга, устоз меҳнатининг қадрини англашга, фарзандларимиз келажаги учун ҳар биримиз масъул эканимизни ҳис этишга ундайди.
Спектакль якунига етганда эса томошабин қалбида бир ҳақиқат янада ойдинлашади: яхши ўқитувчи – яхши дарс берувчи эмас, балки яхши инсонни тарбиялай оладиган устоздир.Бугун таълим соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилаётган бир даврда бундай мавзуларнинг театр саҳнасига олиб чиқилаётгани ҳам муҳим. Зеро, театрнинг вазифаси фақат кўнгилочар томоша кўрсатишдан иборат эмас. У жамиятдаги муаммоларни кўрсатиши, инсонни ўйлантириши, савол беришга ва хулоса чиқаришга ундаши билан ҳам қадрли.
“Очиқ дарс” ана шундай спектакллардан. Ундаги воқеалар, қаҳрамонлар ва муаммолар томошабинга таниш. Балки шунинг учун ҳам спектакль кўпчиликка яқин ва таъсирчан туюлади. Зеро, ҳар биримиз ҳаётимизда ҳеч бўлмаганда бир марта “яхши муаллим”га дуч келганмиз. Бизга биринчи марта китобни севдирган, ўзимизга ишонишни ўргатган, хато қилганимизда тўғри йўл кўрсатган устозни йиллар ўтса ҳам унутмаймиз.“Очиқ дарс” эса ана шу унутилмас устозлар хотирасини, бугунги ўқитувчининг масъулиятини ва эртанги авлод олдидаги бурчимизни яна бир бор эслатади.
Театрнинг бадиий раҳбари – Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ҳамза номидаги
Давлат мукофоти совриндори – Олимжон Салимов. “Сирли муаллим” яъни Нажот Ғайбулла ролини Нодир Муҳаммаджонов ижро этган. Спектаклда шунингдек, Нодир Мирзааҳмедов, Карим Рамазонов, Нодир Бекмуродов, Динара Тошматова, Назокат Муҳамедова ва бошқа актёрлар иштирок этишган.
Н.Усмонова, Баҳодир Эргашов (суратлар), ЎзА