Бостонда Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳияти намойиш этилди
АҚШнинг Бостон шаҳрида сунъий интеллект соҳасидаги нуфузли халқаро тадбир — “Boston AI – 2026” саммити бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, саммитда сунъий интеллект ва инновациялар соҳасида етакчи компаниялар ҳамда нуфузли таълим муассасалари — “Microsoft”, “Dell”, Harvard University ва MIT вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги имкониятлар ва халқаро ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Саммитда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Рақамли санъат ижодий бирлашмаси вакиллари иштирок этиб, мамлакатда сунъий интеллект технологияларини маданият ва санъат соҳаларига жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Нутқларда Ўзбекистонда сунъий интеллект ва инновацион технологияларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, шунингдек, мамлакатнинг халқаро компаниялар ва технологик ҳамжамият учун очиқ экани таъкидланди. Хорижий компания ва ташкилотлар билан сунъий интеллект соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёрлик билдирилди.

Саммит иштирокчиларига Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва замонавий қиёфасини акс эттирувчи икки видеоролик ҳам намойиш этилди. Миллий маданият ва мамлакатнинг янги технологик имкониятларини уйғунлаштирган видеолавҳалар тадбир иштирокчиларининг қизиқиши ва эътирофига сазовор бўлди.
Тадбир якунида хорижий давлатлар, технологик компаниялар ва халқаро ташкилотлар вакиллари келаси йили Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган йирик “AI Film Awards” фестивалида иштирок этишга таклиф этилди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва креатив саноат соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётганини яна бир бор намоён этди.
Н.Усмонова, ЎзА