Солиқ тизими рақамлашади: таклифлар учун Telegram-бот ишга тушди
Солиқ тизимининг шаффофлигини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратиш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва электрон хизматларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижроси доирасида солиқ тизимининг шаффофлигини таъминлаш, аҳоли ва бизнес учун янада қулай ва содда шароитлар яратиш мақсадида солиқ маъмуриятчилигини рақамли трансформация қилишга қаратилган янги таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараёнда аҳоли ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Солиқ қўмитаси томонидан “Солиқ бўйича таклифлар” - @soliqtaklif_bot номли махсус Telegram-бот ишга туширилди.
Қўмита Ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур бот орқали фуқаролар ва тадбиркорлар солиқ мажбуриятларини бажаришдаги муаммоларни бартараф этиш, солиқ ҳисоботлари ва тўловлар жараёнини соддалаштириш, солиқ органлари билан ишлашни қулайлаштириш ҳамда электрон хизматларни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини юборишлари мумкин.
Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, инсон омилини камайтириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга қаратилган ташаббуслар ҳам қабул қилинади.
Келиб тушган асосли ва амалий аҳамиятга эга таклифлар солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда инобатга олинади.
Хабарда таъкидланганидек, аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ тизимини такомиллаштиришга доир фикр ва таклифлари @soliqtaklif_bot Telegram-ботида қабул қилинади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА