Давлат хизматчиларининг сунъий интеллект бўйича салоҳияти оширилади
Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси АҚШда “Cultural Vistas” билан давлат хизматчиларининг сунъий интеллект бўйича салоҳиятини оширишга қаратилган Англашув меморандумини имзолади.
Учрашувда Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси томонидан Ўзбекистонда АТ соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, давлат хизматчиларининг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда рақамли кўникмаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Музокаралар давомида давлат хизматчиларининг сунъий интеллект бўйича билим ва амалий кўникмаларини ошириш, шунингдек, улар учун АҚШнинг етакчи ташкилотларида рақамли трансформация ва замонавий давлат бошқаруви йўналишларида тажриба алмашиш дастурларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида давлат хизматчиларининг сунъий интеллект соҳасидаги билим ва салоҳиятини оширишга қаратилган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича томонлар ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА