Солиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабарчиларга жами 16,6 миллиард сўм мукофот пули тўланган
Ўзбекистонда солиқ интизомини мустаҳкамлаш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришда аҳолининг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада “Солиқ” мобиль иловасидаги “Солиқ ҳамкор” тизими самарали жамоатчилик назорати механизми сифатида хизмат қилмоқда.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь-май ойлари давомида мазкур тизим орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида жами 54 684 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларнинг асосий қисми истеъмолчиларга харид чеки берилмаслиги билан боғлиқ бўлиб, бундай ҳолатлар сони 44 961 тани ташкил этган. Шунингдек, 1 844 та мурожаат тўловларни пластик карта орқали қабул қилмаслик ҳолатларига, 121 та мурожаат эса пластик картадан фойдаланганлик учун товар ёки хизмат нархини сунъий равишда ошириш ҳолатларига тегишли бўлган. Қолган 7 758 та мурожаат бошқа турдаги солиқ ҳуқуқбузарликлари бўйича юборилган.
Таҳлилларга кўра, келиб тушган мурожаатларнинг 15 599 таси такрорий бўлгани ёки мазкур тадбиркорлик субъекти бўйича текширув жараёни аллақачон олиб борилаётгани сабабли кўриб чиқилмаган.
Мурожаатлар асосида 34 317 та сайёр солиқ текшируви ўтказилган. Эътиборли жиҳати шундаки, текширувларнинг 99,5 фоизида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тасдиқланган. Бу эса аҳоли томонидан юборилаётган мурожаатларнинг аксарияти асосли эканини кўрсатади.
Фуқароларнинг фаоллиги рағбатлантирилмоқда. Ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга 25 912 та ҳолат бўйича, ундирилган жарима маблағининг 20 фоизи миқдорида, жами 16,6 миллиард сўм мукофот пули тўланган.
Қайд этилишича, рақамли технологиялар орқали жамоатчилик назоратининг кучайиши солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда давлат бюджети даромадларини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, харид чеки бериш маданиятини шакллантириш ва нақдсиз тўловларни кенгайтириш борасида “Солиқ ҳамкор” тизимининг аҳамияти ортиб бормоқда.
Бугунги кунда ҳар бир фуқаро солиқ қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятига эга. Статистик маълумотлар эса мазкур механизм нафақат ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, балки тадбиркорлик субъектларининг масъулиятини оширишда ҳам муҳим омилга айланаётганини кўрсатмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА