Ўзбекистонда ягона QR-код тизими жорий этилмоқда
Мамлакатимизда нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида замонавий тўлов ечимларини жорий этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари харажатларини қисқартириш мақсадида Ягона миллий QR-код тизими — UzQR босқичма-босқич ишга туширилмоқда.
Марказий банкнинг маълум қилишича, ушбу тизимнинг асосий афзаллиги шундаки, истеъмолчи қайси банк ёки тўлов ташкилоти мобил иловасидан фойдаланишидан қатъи назар, ягона QR-кодни сканер қилиш орқали тўловни амалга ошира олади. Бу эса савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларини турли хил QR-кодлар ва алоҳида тўлов ечимларини сақлаб туриш заруратидан халос этади.
Қайд этилишича, UzQR мамлакатда ягона тўлов муҳитини шакллантириш, рақобатни кучайтириш ва аҳоли учун янада қулай хизматларни яратишга мўлжалланган.
Тизим орқали амалга ошириладиган тўловлар бўйича умумий комиссия миқдори 0,65 фоиз этиб белгиланган. Муҳими, мазкур маблағ тўлов занжирида иштирок этувчи барча субъектлар ўртасида шаффоф тарзда ва уларнинг ҳақиқий вазифаси ҳамда харажатларига мутаносиб равишда тақсимланади.
Комиссия тақсимоти қуйидагича: 0,10 фоиз — эквайер банк (QR-кодни тадбиркорга ўрнатиб берган банк), 0,15 фоиз — тўлов Uzcard ёки Humo миллий карталари орқали амалга оширилганда тегишли улуш, 0,20 фоиз — QR-код оператори (тизимни техник қўллаб-қувватлаш, ягона call-марказ, шахсий кабинетлар ва онлайн-ККМ интеграцияси харажатлари учун), 0,05 фоиз — карта эмитенти, 0,15 фоиз — тўлов ташаббускори, яъни QR-кодни ўқувчи мобил илова, 0,05 фоиз — тўловчи банкга тақсимланади.
Тариф тизимининг ўзига хос жиҳати шундаки, айрим иштирокчилар бир вақтнинг ўзида бир нечта улуш олиши мумкин. Масалан, тўлов банкнинг ўз мобил иловаси орқали амалга оширилса ва карта ҳам шу банк томонидан чиқарилган бўлса, банкнинг умумий улуши 0,20 фоизга етади. Агар савдо субъекти ҳам мазкур банк мижози бўлса, бу кўрсаткич 0,30 фоизгача ошиши мумкин.
Марказий банк маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда QR-код орқали тўловларни қабул қилиш бўйича амалдаги хизмат тарифлари одатда 1 фоиздан 3 фоизгачани ташкил этади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, UzQR тизимида белгиланган 0,65 фоизлик тариф бозордаги ўртача тарифларга нисбатан сезиларли даражада паст ҳисобланади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Uzcard ва Humo миллий тўлов тизимларининг бошқа, миллий бўлмаган QR-код ечимлари учун қўлланиладиган тарифлари 0,3–0,37 фоиз атрофида бўлса, UzQR умуммиллий аҳамиятга эга лойиҳа сифатида баҳолангани учун ушбу улуш 0,10 фоизгача пасайтирилган.
Тизимнинг расмий тариф сиёсатида энг муҳим тамойиллардан бири — тўловчи, яъни истеъмолчидан ҳеч қандай комиссия ундирилмаслиги. Белгиланган 0,65 фоизлик тариф фақат савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан тўланади ва у тўлов инфратузилмасида иштирок этувчи ташкилотлар ўртасида тақсимланади.
Шу билан бирга, айрим ҳолатларда истеъмолчидан қўшимча йиғим олинаётгани кузатилмоқда. Мутахассислар бу ҳолатлар UzQR расмий тарифи таркибига кирмаслигини, балки айрим иштирокчиларнинг мустақил ташаббуси асосида жорий этилган қўшимча устамалар эканини таъкидламоқда. Ҳозирда мазкур масала тартибга солиш жараёнида кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, UzQR тизими орқали яратилган ягона стандарт савдо нуқталари учун харажатларни камайтиради, тўлов хизматлари бозорида рақобатни кучайтиради ва миллий тўлов инфратузилмасининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Энг муҳими, тизимдаги ҳар бир иштирокчининг улуши унинг реал вазифаси ва харажатларига мувофиқ белгиланган бўлиб, бу шаффофликни таъминлайди. Натижада ҳам тадбиркорлар, ҳам истеъмолчилар манфаатлари ҳимоя қилинади, мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун яна бир муҳим қадам қўйилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА