Жиззах тажрибаси: 15 кунда бажарилган ғалла марраси
Жиззах вилоятида ғалла ўрим-йиғими кам вақт ичида юқори самара билан якунланди. Республикада биринчи бўлиб шартномавий режани атиги 15 иш кунида бажарган вилоят ғаллакорлари нафақат ҳосилдорлик бўйича юқори натижаларга эришди, балки инновацион ёндашувлар, рақамли технологиялар ва самарали бошқарув асосида аграр соҳада янги тажриба мактабини ҳам шакллантирди.
Жиззах вилояти ҳокими раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ғалла ўрим-йиғими якунлари, эришилган натижалар ҳамда навбатдаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Учрашувда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фермер ва деҳқонларнинг фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда сўз олган вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев, аввало, барча ғаллакорларни муҳим марра билан табриклади.

— Республикада биринчи бўлиб ғалла бўйича шартномавий режани атиги 15 иш кунида бажарганингиз билан самимий муборакбод этаман. Бу ютуқ ортида фермерлар, деҳқонлар ва барча меҳнаткашларнинг заҳматкашлиги, юксак масъулияти ҳамда фидойилиги мужассам, — деди вилоят раҳбари.
Жорий йилда вилоят бўйича 180,4 минг гектар майдонга бошоқли дон экинлари жойлаштирилди. Шундан 80,4 минг гектари суғориладиган, 100 минг гектари эса лалми ерлар ҳиссасига тўғри келади.

Мазкур майдонлардан 950 минг тоннадан зиёд дон етиштириш режалаштирилган бўлиб, бу ҳосилнинг умумий қиймати қарийб 3 триллион сўмга тенг. Бугунги кунга қадар суғориладиган майдонларнинг 69,4 минг гектарида ўрим-йиғим ишлари якунланди. Эътиборлиси, ўртача ҳосилдорлик ҳар гектардан 100–120 центнерни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилги 85 центнерлик натижадан сезиларли даражада юқори.
Ҳали йиғиб олиниши лозим бўлган майдонлардан қўшимча 100 минг тоннадан зиёд ҳосил олиниши кутилмоқда. Жорий мавсумда вилоятда 126 нафар фермер ҳар гектардан 100 центнердан ортиқ ғалла етиштиришга муваффақ бўлди. Қолган фермер хўжаликларининг аксариятида эса ҳосилдорлик 85–90 центнер атрофида бўлди.

Айрим хўжаликлар томонидан қайд этилган натижалар алоҳида эътиборга молик. Жумладан, Мирзачўл туманидаги “Қуёшли водий” фермер хўжалигида ҳар гектардан 120 центнер, Зарбдор туманидаги “Ютуқ майдони”да 109 центнер, Пахтакор туманидаги “Муҳаммадкарим шодоси”да 106 центнер, Дўстлик туманидаги “Жавоҳир жамоли”да 105 центнер, Зафаробод туманидаги “Мададкор қуш”да 105 центнер, Арнасой туманидаги “Суюнов Сардор”да 102 центнер ҳамда Шароф Рашидов туманидаги “Шермат” фермер хўжалигида 101 центнер ҳосилдорликка эришилди.
Йиғиштириб олинган ҳосилнинг 263,9 минг тоннаси дон қабул қилиш масканларига топширилди. Бу белгиланган режага нисбатан 102,4 фоизни ташкил этди. Шундан 119,5 минг тонна давлат ресурси учун, 128 минг тонна вақтинчалик сақлаш учун ва 16,4 минг тонна уруғлик сифатида қабул қилинди. Шу билан бирга, қўшимча равишда яна 30 минг тонна дон топшириш режалаштирилган.

Ғаллакорларнинг ижтимоий масъулияти ҳам алоҳида таҳсинга сазовор. Фермер хўжаликлари томонидан 56 минг тонна ғалла хўжалик ишчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга хайрия тариқасида тарқатилди.
Ғалладан бўшаган майдонлардан самарали фойдаланиш бўйича ҳам аниқ чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 8 минг нафар ишчига 22 минг гектар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган 10 минг 700 нафар фуқарога 10,1 минг гектар ер майдони ажратилди. Шундан 1 минг 600 нафар ёшга 1,4 минг гектар ер такрорий экин экиш учун берилди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Эришилган юқори натижалар замирида илмий ёндашув ва инновацион технологияларнинг ўрни беқиёс бўлди. Мавсум давомида юқори ҳосилдор навлар кенг майдонларга жойлаштирилди, минерал ўғитлар билан таъминлаш ишлари тўлиқ амалга оширилди. Шунингдек, касаллик ва зараркунандаларга қарши агротехник тадбирлар ўз вақтида ташкил этилди.
Айниқса, рақамли технологияларни қўллаш борасидаги ишлар самарадорликни янада оширди. Шароф Рашидов ва Пахтакор туманларида дронлар ёрдамида, Арнасой туманида эса бошқарувсиз агрегатлар орқали ишлов бериш бўйича илғор тажрибалар синовдан муваффақиятли ўтди.

Сув таъминоти мураккаб бўлган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 35 минг гектар майдон сув билан таъминланди. Бунинг учун 176 километр канал тозаланди, 109 километр лоток таъмирланди, 30 та гидротехник иншоот ҳамда 17 та насос ўрнатилди.
Шу билан бирга, қарийб 50 та янги дон ўриш комбайни харид қилиниб, ўрим жараёнлари GPS технологиялари ва кузатув камералари асосида ташкил этилди.

Мутахассислар томонидан “Жиззах усули” деб баҳоланаётган мазкур тизим комбайнлар фаолиятини тўлиқ назорат қилиш, уларнинг иш унумдорлигини ошириш ҳамда ҳосилни қисқа муддатларда йўқотишларсиз йиғиб олиш имконини берди.
Энг муҳими, ҳисоб-китобларга кўра, айнан шу ёндашув туфайли 84 минг тонна, яъни 269 миллиард сўмлик қўшимча ҳосил сақлаб қолинди. Бу рақам инновацион бошқарув ва замонавий технологияларнинг иқтисодий самарасини яққол намоён этади.

Вилоятда ғалладан бўшаган майдонлардан самарали фойдаланиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, шудгор қилмасдан 30 минг гектар майдонга мош ва яна 30 минг гектар майдонга маккажўхори экиш режалаштирилган. Бу мақсадда Хитой тажрибаси асосида махсус сеялкалар олиб келиниб, амалиётга жорий этилмоқда.
Бугун Жиззахда қўлланилаётган мазкур ёндашув нафақат юқори ҳосилдорликка эришиш, балки аграр соҳада ресурсларни тежаш, рақамли бошқарувни кенгайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам самарали модель сифатида намоён бўлмоқда. Қисқа фурсатда қўлга киритилган бу натижалар “Жиззах усули”нинг республика миқёсида оммалаштиришга арзийдиган тажриба эканини кўрсатмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари