Аждодлар хотирасига ҳурмат ифодаси
Муборак Қурбон ҳайити олдидан Самарқанд вилоятидаги муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонлар, масжидлар ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташаббуси билан 23-24 май кунлари ўтказилган хайрия ҳашари давомида вилоятдаги 1500 дан ортиқ қабристонда 1700 гектар ҳудуд тозаланиб, тартибга келтирилди

– Халқимиз азалдан аждодларимиз мангу ором топган масканлар, қабристонларни тоза-озода сақлаш, ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келган, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. – Бу анъана, айниқса, ҳайит байрамлари арафасида янаям яққол намоён бўлади. Қурбон ҳайити олдидан ҳам вилоятимиз маҳаллаларида аҳоли томонидан ҳашарлар уюштирилиб, қабристонлар тартибга келтирилди, обод қилинди. Эътиборлиси, байрам арафасида, 21 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, Республикамиздаги 10 мингдан зиёд қабристонни ободонлаштириш мақсадида 2027-2029 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланди. Бунинг учун 1,6 триллион сўм маблағ йўналтириш белгиланди. Шунингдек, хайр-эҳсон қилиш орқали келиб тушадиган маблағларни қабристонни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ харажатларга йўналтириш мақсадида ҳар бир қабристон учун алоҳида шахсий ҳисобварақ очиладиган бўлди. Бу ишлар, албатта, аждодларимиз хотирасига ҳурматнинг яна бир ёрқин намунаси, дейиш мумкин.
Самарқанд туманидаги қарийб 12 гектар майдонни эгаллаган қабристонда Конигил ва Жўйисой маҳаллалари аҳолиси томонидан ҳашар уюштирилиб, ҳудуд тартибга келтирилмоқда.



– Бир вақтлар тарихи 400 йилдан ошаётган мазкур қабристон олдидан ўтишга одамлар қўрқар эди, - дейди маҳалла оқсоқоли Қобил Худойбердиев. - Чунки қабристон бутунлай эътибордан қолган бўлиб, атрофи девор билан ўралмаган, одам бўйи қамиш ўсиб, қаровсизликдан кўплаб қабрлар чўкиб, юришнинг имкони йўқ эди. Ўтган асрнинг 60-йилларида колхоз маблағлари ҳисобидан қабристон атрофи пахса девор билан ўралиб, бир нечта қўшимча бинолар ва айвон қурилган эди. Шу билан қатор йиллар ўзгариш қилинмай қолиб кетди. Айни чоғда эса маҳаллаларимиз аҳолисининг ташаббуси билан ҳашар асосида қабристон ҳудудида маросимларни ўтказиш учун айвон ва қўшимча бинолар, 4 та кириш дарвозаси ўрнатилди. Йўлаклар ташкил этилиб, 80 та ўриндиқ ўрнатилди. Ҳудудда 1000 тупга яқин дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири