Наманганда Медиа ҳафталик юқори савияда ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида ташкил этилган Медиа ҳафталик ахборот соҳаси вакиллари, ижодкор ёшлар, блогерлар ҳамда контент яратувчиларни бир майдонга жамлаган йирик медиа мулоқот платформасига айланди. Тадбир ахборот маконидаги замонавий тенденциялар, рақамли журналистика ва медиа соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Медиа ҳафталик доирасида 40 нафар матбуот котиби ва ахборот хизмати ходими, 30 нафарга яқин телевидение соҳаси вакили, 22 та газета ҳамда интернет оммавий ахборот воситалари ходимлари, 20 нафар маҳаллий блогер, 85 нафар мобилограф ва 70 нафардан зиёд ижтимоий тармоқлар мутахассислари иштирок этди. Шунингдек, контент яратиш ва медиа соҳасига қизиқувчи 200 нафардан ортиқ ўғил-қиз ҳам тадбирларга фаол жалб қилинди.
[gallery-29645]
Ҳафталик давомида иштирокчилар учун замонавий журналистика, рақамли медиа муҳитида самарали ишлаш, ижтимоий тармоқлар учун контент тайёрлаш, ахборот тарқатишнинг инновацион усуллари ва медиа маҳсулотлар сифатини оширишга бағишланган амалий семинарлар, маҳорат дарслари ва тажриба алмашув учрашувлари ташкил этилди.
Айниқса, соҳанинг тажрибали мутахассислари иштирокида ўтган очиқ мулоқотлар ва амалий машғулотлар ёшлар учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтади. Иштирокчилар медиа соҳасидаги замонавий ёндашувлар, аудитория билан ишлаш, мобиль контент тайёрлаш ва рақамли платформалар имкониятлари бўйича зарур тавсияларга эга бўлди.
Медиа ҳафталигининг якуний тадбири сифатида ташкил этилган медиа форумда 300 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Форумда рақамли ахборот муҳити, янги медиа тенденциялари, ахборот хавфсизлиги, миллий контентни ривожлантириш ҳамда медиа соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир якунида ҳафталикнинг фаол иштирокчиларига сертификатлар тантанали равишда топширилди. Умуман, Медиа ҳафталик доирасида ўтказилган тадбирларда 750 нафардан зиёд иштирокчи қамраб олинди.
Мазкур ташаббус ахборот соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни кенгайтириш, медиа саводхонликни юксалтириш ҳамда ёшларни замонавий контент яратиш жараёнларига кенг жалб этишга хизмат қилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ( сурат),ЎзА