Соҳил футболи терма жамоасининг йиғини якунланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси Терма жамоалар марказида соҳил футболи бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги ўқув-машғулот йиғини муваффақиятли якунланди.
24 июнь куни бошланган йиғин давомида миллий терма жамоа аъзолари мураббийлар штаби раҳбарлигида жисмоний, техник ва тактик тайёргарликларини янада такомиллаштириш устида тизимли иш олиб борди. Машғулотлар ҳар куни икки маҳал ташкил этилиб, футболчиларнинг функционал имкониятларини ошириш, жамоавий ҳаракатларни уйғунлаштириш ҳамда турли ўйин вазиятларидаги тактик ечимларни амалда синовдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-30159]
Йиғин миллий терма жамоанинг бўлажак халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришида муҳим босқич бўлди. Шу билан бирга, мураббийлар штаби футболчиларнинг жорий спорт формаси, жисмоний ҳолати ва тактик топшириқларни бажариш даражасини атрофлича баҳолаш имкониятига эга бўлди.
Тайёргарлик йиғини давомида тўпланган тажриба ва олинган натижалар жамоанинг кейинги йиғинлари ҳамда халқаро майдондаги иштирокида муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА