Кураш: Францияда ўтадиган халқаро турнирга тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 17–19 июль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида миллий спортимиз кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий халқаро турнир ўтказилади.
Ўзбекистон Кураш федерациясида ўтказилган йиғилишда мазкур нуфузли мусобақани юқори савияда ташкил этиш бўйича қилинаётган ишлар муҳокама қилинди.
Унда хорижий спорт делегацияларнинг иштироки, ташриф буюрувчи меҳмонлар учун ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш, турнир доирасида миллий таомлар фестивалини ўтказиш, кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки борасидаги бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида масъулларга аниқ вазифалар юкланиб, тегишли йўналишлар бўйича қилинган ишлар ҳисоботи тингланди.
Эслатиб ўтамиз, Париж шаҳрида ўтадиган халқаро турнирда 30 га яқин давлатдан маҳоратли спортчилар иштирок этиш учун талабномаларни тақдим этган.
Т.Рўзиев,
ЎзА