Енгил атлетикачиларимиз навбатдаги турнирда чемпион бўлмоқчи
Халқаро турнирнинг илк кунида Ўзбекистон енгил атлетика терма жамоаси вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, қатор йўналишларда финал йўлланмаларини қўлга киритди.
Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида старт олган енгил атлетика бўйича XXXV Қосанов мемориал халқаро турнирининг биринчи куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли ўтди. Ҳамюртларимиз саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтиб, ҳал қилувчи босқич йўлланмаларини қўлга киритди.
Гусман Қосанов хотирасига бағишланган анъанавий мусобақа World Athletics Continental Tour Bronze туркумига кириб, унда 11 мамлакатдан 250 га яқин енгил атлетикачи 27 та яккалик ва 4 та эстафета дастури бўйича баҳс олиб бормоқда. Шунингдек, ушбу мусобақа жаҳон рейтинги учун муҳим очколар тақдим этиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Турнирнинг илк кунида эркаклар ўртасидаги 400 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсларида Ҳасанбек Рустамжонов 54,02 сония натижа билан ўз саралаш гуруҳида ғолиб чиқди. Шу йўналишда иштирок этган Сардор Умаров ҳам 54,61 сония натижа қайд этиб, финалга чиқиш вазифасини уддалади.
Аёллар ўртасидаги 400 метрга югуришда Жонбиби Ҳукмова 54,93 сония натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Ирина Левина 57,47 сония, Сурайё Зарипова эса 58,27 сония натижа кўрсатди. Шун тариқа, учала спортчи ҳам финал йўлланмасини қўлга киритди.
Эркаклар ўртасидаги 400 метрга югуриш баҳсларида Аббосбек Тоштемиров 48,14 сония, Сарвар Жонтемиров эса 48,78 сония натижа билан ҳал қилувчи босқичга чиқди.
Қисқа масофага югуриш баҳсларида ҳам ўзбекистонлик спортчилар ишончли иштирок этди. Лайло Аллаберганова аёллар ўртасидаги 100 метрга югуришда 11,76 сония натижа билан ўз гуруҳида биринчи бўлди. Эркаклар баҳсида эса Ғофуржон Султонов 10,58 сония натижа билан саралаш босқичини биринчи ўринда якунлаб, финалга йўл олди.
Турнирнинг кейинги кунларида ўзбекистонлик енгил атлетикачилар медаллар ҳамда жаҳон рейтинги учун муҳим очколар учун курашни давом эттиради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА