Соғлом инсон — фаровон ҳаёт пойдевори
Мустақиллик бизга нафақат эркин ва осойишта ҳаёт, балки инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб турмуш шароитларини яратиш имконини берган буюк неъматдир. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, ҳар бир бунёдкорлик иши замирида ҳам ана шу эзгу мақсад — инсон манфаати мужассам.
Айниқса, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва уни халққа янада яқинлаштириш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида замонавий тиббий муассасалар барпо этилиб, аҳолига қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда.
Бу жараёнларнинг самарасини эса, энг аввало, чекка ҳудудларда яшаётган инсонлар ҳаётида кўриш мумкин. Бухоро вилояти Когон туманида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга уйғун.
Янги тиббиёт масканларининг фойдаланишга топширилиши аҳоли учун замонавий, қулай ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиради. Энг муҳими, фуқароларнинг оддий тиббий кўрик ёки зарур муолажа учун узоқ масофага бориш зарурати камаяди. Тиббий хизматнинг маҳаллага яқинлашиши — бу фақат янги бино қурилиши ёки замонавий жиҳозлар билан таъминлаш эмас. Бу, аввало, инсон вақтини тежаш, унинг саломатлигига эътиборни кучайтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика ишларини самарали ташкил этиш демакдир. Бугун одамлар тиббий ёрдамни қаердан олиши эмас, балки уни қанчалик тез, сифатли ва қулай олиши муҳим. Когон туманидаги “Соғун” оилавий шифокорлик пункти фаолиятини ўрганиш жараёнида ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, мавжуд имкониятлар ва ечимини кутаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бу ерда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш, профилактика тадбирларини кучайтириш ҳамда диспансер назоратидаги беморлар билан тизимли ишлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Айниқса, оналар ва болалар саломатлигига бўлган эътибор жамият келажаги билан бевосита боғлиқ. Ҳомиладор аёлларни мунтазам тиббий назоратга олиш, чақалоқлар саломатлигини кузатиш, болаларни профилактик кўриклардан ўтказиш — соғлом авлодни вояга етказишнинг муҳим шартидир. Шунингдек, аҳолини зарур дори-дармон воситалари билан таъминлаш, диспансер назоратидаги беморларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш масалалари ҳам доимий эътиборда бўлиши зарур.
Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини ўрганишда депутатлик назоратининг аҳамияти беқиёс. Халқ депутатлари Когон туман Кенгаши депутати Саида Шарипова ҳудуддаги тиббий хизмат ҳолатини ўрганиш жараёнида аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларига қулоқ тутди. Унинг таъкидлашича, тиббиёт муассасаларининг фаолиятини ўрганишдан асосий мақсад фақат мавжуд ҳолатни баҳолаш эмас, балки одамларни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш ва уларнинг амалий ечимини таъминлашдан иборат.

— Бугун тиббиёт соҳасидаги ҳар бир ўзгаришнинг марказида инсон саломатлиги ва унинг манфаати турибди. Аҳолига тиббий хизмат қанчалик яқин ва қулай бўлса, профилактика ишлари ҳам шунчалик самарали бўлади. Шунинг учун биз депутатлар жойлардаги тиббий муассасалар фаолиятини ўрганиш, аҳоли билан мулоқот қилиш ва аниқланган муаммолар ечимини назоратга олишни ўзимизнинг муҳим вазифамиз, деб биламиз, — дейди Саида Шарипова. Унинг фикрича, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда бирламчи тиббий хизматни янада кучайтириш, аҳолига малакали тиббий маслаҳат ва хизматни ўз вақтида кўрсатиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш доимий эътибор талаб этади.
— Инсон саломатлигига қилинган сармоя — энг қимматли сармоядир. Чунки соғлом инсонгина оиласи, маҳалласи ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади, — дейди депутат. Когон туманида янги оилавий поликлиникалар қурилаётгани ҳам ҳудуд тиббиёт тизими учун муҳим қадамдир.
Янги тиббий муассасалар замонавий инфратузилма, қулай шарт-шароит ва тиббий хизматларни бир жойда ташкил этиш имконини бериши билан аҳамиятли. Бу эса шифокор ва бемор ўртасидаги муносабатни янада самарали ташкил этиш, тиббий кўрик ва профилактика ишларини сифатли ўтказишга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, янги тиббиёт маскани — нафақат янги бино, балки юзлаб, минглаб инсонларнинг саломатлиги учун яратилган имкониятлар маконидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири