Президент ташаббуси: жадидлар авлодлари бирлашди (+видео)
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида "Жадидлар авлодлари учрашуви" умуммиллий илмий-маърифий йиғини бўлиб ўтди.
Унда жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндалари авлодлари, тарихчи олимлар, тадқиқотчилар ва зиёлилар иштирок этиб, миллий уйғониш даврининг мураккаб саҳифалари, маърифатпарвар аждодларимизнинг фидойилиги ва улардан қолган бой илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда оилавий хотираларни илмий тадқиқотлар билан уйғунлаштириш, тарихий ҳужжатларни сақлаш ва жадидлар ғояларини замонавий авлодга етказишга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти ҳамда Марказ ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман миллий тарихимизни чуқур ўрганиш, жадидчилик ҳаракати намояндалари хотирасини эъзозлаш ва уларнинг авлодлари билан илмий жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
”Жадидлар авлодлари учрашуви” умуммиллий илмий-маърифий йиғини жадидчилик ҳаракатининг тарихий аҳамиятини янада чуқур англаш, оилавий хотиралар ва академик тадқиқотлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, тарихий манбаларни сақлаш ва уларни илмий муомалага киритиш масалаларини биргаликда муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлди.
Анжуман доирасида билдирилган фикрлар ва илгари сурилган ташаббуслар жадидшунослик тадқиқотларини ривожлантириш, тарихий ҳужжатларни рақамлаштириш, авлодлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва маърифатпарвар аждодлар меросини замонавий усулларда тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатди.
М.Турдалиева, Д.Якубов,
С.Обиджонов. ЎзА