Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди (+видео)
Ўзбек тили байрами куни муносабати билан "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида тантанали концерт дастури бўлиб ўтди.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг сўзлари билан айтганда, «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур»... мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласида ниҳоятда қизғин, баъзида кескин ва муросасиз баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтган эди. Ниҳоят, 1989 йилнинг 19 октябрь куни бу ўта муҳим масала Олий Кенгаш сессияси муҳокамасига қўйилди. Ва қарийб бир ярим асрлик қарамликдан сўнг мамлакатимизда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Бу Ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеа эди.
Ўзбек тили байрами куни муносабати билан "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида тантанали концерт дастури бўлиб ўтди. Концертда тил, миллат ва юртимиз равнақи йўлида хизмат қилаётган кўплаб юртдошларимиз, хусусан ёшлар ва хорижлик меҳмонлар иштирок этдилар. Дастур давомида ўзбек миллатининг санъат ва маданиятини тараннум этувчи турфа мусиқий намойишлар, видеоматериаллар ва саҳна кўринишлари ҳавола этилди.
Айниқса, давлат тилининг халқаро миқёсда ҳам фаол мулоқот воситасига айланиб бораётгани эътиборлидир. Хусусан, хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан бўладиган учрашув ва суҳбатлар, музокаралар, тегишли ҳужжатларни имзолаш маросимларида, нуфузли саммитларда, расмий матбуот анжуманларида ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётгани ҳаммамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.
Устоз санъаткорлар томонидан кун мавзусига доир ижро этилган монологлар, достонлардан шеърий парчалар, она тилни улуғловчи бадиий чиқишлар барча тадбир иштирокчиларда кўтаринки руҳ ва фахр-ифтихор уйғотди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади.
М.Турдалиева, О.Давронов,
А.Аҳмедов. ЎзА