Соғлом авлод ва инсон капиталига қаратилган муҳим қадам
Бугунги кунда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат ўқув жараёни сифатини ошириш, балки болаларнинг соғлом ва баркамол ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳам қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, умумтаълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизимининг жорий этилиши ижтимоий ташаббуслардан бири сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хоразм вилоятида мазкур тизимнинг кейтеринг усулида ташкил этилгани давлат ижтимоий сиёсатининг амалиётдаги муҳим кўринишларидан бири бўлиб, болаларнинг сифатли ва хавфсиз овқатланишини таъминлаш, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий юкини камайтириш ҳамда таълим жараёни учун қулай шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги 472-сон қарорига мувофиқ, Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини бепул ва сифатли овқатлантириш тизими йўлга қўйилган.
2025-2026 ўқув йилида Хоразм вилоятидаги 536 та умумтаълим мактабида 145 мингдан ортиқ бошланғич синф ўқувчиси бепул нонушта билан қамраб олинган. Хизматлар 14 та тадбиркорлик субъекти томонидан давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида кейтеринг усулида ташкил этилмоқда.
Мазкур кўрсаткичлар дастурнинг нафақат кенг қамровли эканини, балки унинг катта ижтимоий аҳамиятга эга эканини ҳам кўрсатади. Зеро, юз минглаб бошланғич синф ўқувчиларининг кундалик овқатланишини тизимли равишда таъминлаш болалар саломатлиги ва таълим самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир.
Бепул овқатлантиришнинг давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётгани эса аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.
Хоразмда бепул овқатлантириш тизимининг давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилгани унинг муҳим ижобий жиҳатларидан биридир.
Кейтеринг усулида овқат тайёрлаш, етказиб бериш ва тарқатиш жараёнлари ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Бунда мактаб ошхонасига боғлиқлик камайиб, хусусий секторнинг моддий-техник имкониятлари, логистика салоҳияти ва бошқарув тажрибасидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик асосида тендер орқали танланиши эса рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, хизмат кўрсатувчи компанияларни сифатли ва белгиланган талабларга мувофиқ хизмат кўрсатишга ундайди.
Шу маънода, кейтеринг модели давлатнинг ижтимоий вазифаларини хусусий сектор имкониятлари билан уйғунлаштиришнинг амалий механизми сифатида намоён бўлмоқда.
Тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — овқатланиш жараёнини белгиланган ягона талаблар асосида ташкил этиш имкониятининг яратилганидир.
Мактабларда етказиб берилаётган таомларнинг таркиби ва сифати устидан назорат қилиш мақсадида махсус комиссиялар ташкил этилган. Уларнинг таркибига мактаб директори, тиббиёт ходими ва ота-оналар вакиллари киритилган.
Шунингдек, ҳар ўқув йилида санитария-эпидемиологик хизмат билан келишилган 5 кунлик таомнома ва технологик карталар тасдиқланиши овқатлантириш жараёнини маълум стандартлар асосида ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Бу механизмнинг аҳамияти шундаки, овқатлантириш жараёнини ҳар бир мактабнинг имконияти ёки алоҳида ёндашувига эмас, балки белгиланган меъёр ва талабларга асослаш имконияти пайдо бўлади.
Бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантиришни фақат овқат билан таъминлаш дастури сифатида баҳолаш тўғри эмас. Унинг ижтимоий аҳамияти анча кенг.
Соғлом овқатланиш болаларнинг жисмоний ривожланиши, таълим жараёнидаги фаоллиги ва кундалик ҳаёт сифатини қўллаб-қувватловчи муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мактабларда бепул овқатлантириш тизими таълим соҳасида инсон капиталига инвестиция киритишнинг амалий шакли сифатида намоён бўлмоқда.
Экспертлар ҳам давлат-хусусий шериклик асосидаги кейтеринг модели бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, хусусий сектор имкониятларини таълим тизимига жалб қилиш ҳамда болаларни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлашга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Бу жараённинг яна бир муҳим ижтимоий натижаси — ота-оналарнинг фарзанди учун кундалик нонушта тайёрлаш билан боғлиқ харажатларини қисман енгиллаштиришдир. Айниқса, кўп фарзандли ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун бундай дастурнинг аҳамияти янада юқори.
Тизимда мактаб даражасида ота-оналар вакилларининг назорат комиссиялари таркибига жалб этилгани жамоатчилик иштирокини таъминлаш нуқтаи назаридан ижобий механизм ҳисобланади.
Шу билан бирга, аҳоли ва ота-оналар фикрини мунтазам ўрганиш тизимни янада такомиллаштириш учун муҳим манба бўлиши мумкин. Ўтказилган онлайн сўровда 1 046 нафар ота-она иштирок этгани ҳам жамоатчиликнинг мазкур масалага бефарқ эмаслигини кўрсатади.
Жамоатчилик фикрида билдирилаётган таклифлар, хусусан, таомномада табиий маҳсулотлар ва мевалар улушини оширишга доир қарашлар тизим сифатини яхшилашда фойдаланилиши мумкин.
Шу билан бирга, бепул овқатлантириш тизимининг кенг қамрови унинг сифатини доимий равишда баҳолаб боришни талаб этади. Ўрганишлар айрим мактабларда маҳсулот сифати, таомномага риоя қилиш, сақлаш, логистика ва назорат билан боғлиқ айрим камчиликлар мавжудлигини кўрсатган.
Бу ҳолат тизимнинг ўзи самарасиз эканини эмас, балки унинг кейинги босқичида назорат ва бошқарув механизмларини такомиллаштириш зарурлигини англатади.
Шу мақсадда рақамлаштирилган мониторинг тизимини жорий этиш, ҳар бир кейтеринг ташкилотининг хизмат сифатини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш, ота-оналар фикрини мунтазам ўрганиш ва мустақил сифат аудитларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Хорижий тажрибада электрон давлат харидлари, KPI ва SLA кўрсаткичлари, очиқ маълумотлар ҳамда мустақил аудит механизмларидан фойдаланилаётгани ҳам ушбу йўналишдаги бошқарув тизимини такомиллаштириш учун муҳим намуна бўла олади.
Умуман олганда, Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини кейтеринг усулида бепул овқатлантириш тизимининг жорий этилгани таълим соҳасида инсон капиталига қаратилган муҳим ижтимоий сиёсат воситаси сифатида баҳоланиши мумкин.
Ушбу тизим, аввало, 145 мингдан ортиқ бошланғич синф ўқувчисини бепул овқат билан қамраб олиш, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини хусусий сектор имкониятлари билан уйғунлаштириш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва болаларнинг сифатли ҳамда хавфсиз овқатланиши учун зарур ташкилий механизмларни шакллантириш имконини бермоқда.
Энг муҳими, мазкур тизимни ривожлантиришда асосий эътибор унинг қамровини сақлаб қолиш билан бирга сифат, шаффофлик, хавфсизлик ва натижадорликни оширишга қаратилиши лозим.
Бунда давлат-хусусий шериклик механизмини сақлаб қолган ҳолда, хизмат сифатини рақамли мониторинг қилиш, ота-оналар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш, мустақил аудитни кучайтириш ҳамда масъулият ва жавобгарлик чегараларини аниқ белгилаш муҳим аҳамият касб этади.
Шунда мактаблардаги бепул овқатлантириш тизими нафақат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораси, балки соғлом авлодни тарбиялаш, таълим сифати ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилувчи барқарор институционал механизм сифатида янада такомиллашади.

Зайнаб Машарипова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахасиси