Соғлиқни сақлашда хусусий сектор улушини ошириш тиббиётимизни қайси босқичга олиб чиқади?
Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида ҳар бир инсоннинг соғлиғини муҳофаза қилиш, муносиб турмуш шароити яратиш кўламини кенгайтириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар фақатгина тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ёки замонавий жиҳозлаш билан чекланиб қолмасдан, балки бутун бир тизимни бозор механизмлари, халқаро стандартлар ва илғор бошқарув усуллари асосида тубдан янгилашга қаратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция жалб қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва йирик тиббиёт объектларини барпо этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Мазкур тақдимот натижалари, соҳада кутилаётган стратегик ўзгаришлар, ҳудудий мастер-режаларни ишлаб чиқиш, аутсорсинг хизматларининг янги механизмлари ҳамда хорижий брендлар билан ҳамкорлик қилиш йўналишларидаги амалий ишлар хусусида соҳа масъуллари, мутахассислар ўз фикрларини билдирди:
Илҳомжон Умрзоқов,
соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:
– Тақдимотда тиббиёт инфратузилмасини, тиббиёт хизматларини, жиҳозларни, умуман олганда, ягона режалаштириш механизми бўйича аниқ топшириқлар берилди. Жорий йил якунига қадар бутун республика бўйича мастер-режаларни ишлаб чиқиш ва якунлаш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, тиббиёт соҳасида хусусий сектор улушини янада кенгайтириш бўйича қарор лойиҳаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Унда тиббиёт соҳасида хусусий сектор учун янада кенг йўллар очилиши назарда тутилган. Хусусан, аутсорсинг тизимининг янги механизми тақдимот қилинди ва бу давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди. Бу янги механизмга кўра, эндиликда ёрдамчи хизматлар, клиник-ёрдамчи ҳамда клиник хизматларни хусусий секторга, яъни аутсорсингга беш йилгача бўлган муддатга бериш мумкин бўлади.
Шунингдек, ҳозирда республикамизга хорижий етакчи брендларни олиб келиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам давлатимиз раҳбарига ахборот берилди. Нуфузли компанияларни нафақат Тошкент шаҳрига, балки республикамизнинг барча ҳудудларигача жалб қилиш ва улар билан биргаликда ишлаш механизмларини янада аниқроқ ишлаб чиқиш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Бирламчи тизим – бу, ҳар доим бош устувор йўналишларимиздан бири бўлиб келган. Шу боис, бирламчи тизимни янада ривожлантириш мақсадида унинг масофавий мезонларини ҳам ишлаб чиқдик. Яъни, шаҳар жойларда аҳоли 15 дақиқа пиёда юриб бирламчи тиббий тизимга етиб бориши керак. Қишлоқ жойларда эса бу кўрсаткич эндиликда энг узоғи билан 25 дақиқагача қилиб белгиланди. Мана шу талаблардан келиб чиққан ҳолда бирламчи тизим ва поликлиникаларимиз фаолият юритади.
Ботир Холмуродов,
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг инвестицион сиёсат департаменти бошлиғи:
– Йилдан-йилга хорижий инвесторларнинг тиббиёт соҳасига қизиқиши ортиб боряпти. Ана шуларни инобатга олиб ва энг муҳими, аҳоли саломатлигини ўйлаган ҳолда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш учун хусусий секторни кенг жалб қилиш бўйича бир қатор топшириқлар берилди. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларда янги-янги тиббиёт муассасаларини қуриш учун йирик хорижий брендларнинг ҳам Ўзбекистонга кириши бўйича ташаббуслар билдирилди. Тақдимотда давлатимиз раҳбари барча лойиҳаларни диққат билан тинглаб, сифатли, халқ учун манфаатли бўладиган лойиҳалар қилиш ҳамда уларни келгусида янада жадаллаштириб, тез орада ишга тушириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.
Бундан ташқари, тиббий хизматларни аутсорсинг асосида кўрсатиш бўйича ҳам қарор лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳозирги кунда барча тиббий жиҳозлар давлат бюджет маблағлари ва ташқи қарз ҳисобидан олиб келиняпти, бу эса давлатга қўшимча молиявий юк бўлмоқда. Уларнинг доимий равишда ишлашини таъминлаб туриш, ҳар беш-олти йилда янгилаб бориш талаб этилади. Хусусий секторни жалб қилиш орқали эса давлат муассасалари фақат тўғридан-тўғри тиббий хизматларни кўрсатади. Лаборатория-диагностика, тозалаш, стерилизация каби ноклиник ва ёрдамчи хизматларни хусусий секторга бериш натижасида келажакда тиббий хизматлар сифати ва кўламини янада кенгайтиришга асосий урғу берилади.
Бу билан, ўз навбатида, хусусий сектор учун ҳам эшиклар кенг очилади. Бундан кейин барча инвестиция лойиҳалари соғлиқни сақлашнинг мастер-режаси асосида амалга оширилади. Мастер-режага киритилган стандартлар асосида ҳудудларда аниқ ва ягона нормативлар белгиланади. Асосий мақсад – давлат билан хусусий сектор ўртасида аниқ қоидаларни белгилаб олиш ҳамда биргаликда тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун бюджет маблағларидан ташқари хусусий сектор маблағларини ҳам кенг жалб қилиш ва шу орқали аҳолимизнинг манфаатларини таъминлаб, сифатли тиббий хизматлар олишга эришишдир.
Ҳозирги кунда Туркия, Германия, Франция, Саудия Арабистони ва Канада давлатларининг тиббиёт клиникалари томонидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига катта қизиқиш мавжуд. Улар томонидан Ўзбекистонга инвестиция жалб қилиш ва тиббиёт муассасаларини бошқаришда бевосита иштирок этиш бўйича жуда катта қизиқиш билдирилмоқда. Биз айнан шу лойиҳаларимиз бўйича ҳам тақдимот қилдик. Давлатимиз раҳбари барча лойиҳаларни сифатли ва тез амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар бердилар.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан келгуси йили соғлиқни сақлаш тизимига жами тўрт миллиарддан зиёд хорижий инвестиция маблағларини жалб қилиш бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар берилди. Бунинг натижасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудлар ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказиб, уларга алоҳида тақдимотлар ташкил қилади ҳамда Ўзбекистонга инвестиция киритишни таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширади.
Саодат Абдувоҳидова,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси:
– Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан аутсорсинг асосида хизматларни ташкил этишнинг ягона ва шаффоф тартиби татбиқ этилади. Ушбу тартиб ўз ичига хусусий сектор иштирокида аутсорсинг хизматларини ташкил этишнинг қарийб 26 та йўналишини қамраб олади.
Бунда аҳолини сифатли ва узлуксиз тиббий хизматлар билан таъминлаш, шу билан бирга давлат маблағларидан самарали фойдаланиш бизнинг устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Янги тартибда ҳар битта хизматнинг хавф туридан келиб чиққан ҳолда кучайтирилган талаблар татбиқ этилади. Ҳар бир хизмат аутсорсингга берилишидан олдин у алоҳида иқтисодий самарадорлиги, харажатлари, натижадорлиги ва хавфсизликни таъминлай олиши асосида баҳоланади ва шу асосда аутсорсингга бериш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Асосий мақсад – баъзи бир хизматлар ва йўналишларни хусусий секторга бериш орқали хизматларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш ҳисобланади. Хусусий сектор ўзининг молиявий имкониятлари, салоҳияти ва бўлимлари орқали ҳар битта хизматни янада сифатли ва янада самарадор ташкил этишга кўмак бериши мумкин.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда хизматларнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида аутсорсинг шартномаларини бир йилга эмас, балки беш йилга ва инвестицион салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда 10 йилгача тузиш мумкин.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА