Аҳолига 17,6 триллион сўмлик соғлиқни сақлаш хизматлари кўрсатилди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматларга бўлган талаб ортиб, тиббий хизматлар бозори ҳам кенгайиб бормоқда.
Хусусий клиникалар, шифохоналар, стоматология марказлари ва бошқа тиббиёт муассасалари сони ортиши баробарида улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ҳам ўсмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар ҳажми 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунлари бўйича 17,6 триллион сўмга етди.
Мазкур кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 14,2 фоизга ўсган.
Соҳада кўрсатилган хизматларнинг асосий қисмини бошқа соғлиқни сақлаш хизматлари ташкил этиб, унинг хажми 53,3 фоизга етган. Шифохона муассасалари хизматлари улуши 32,3 фоизни, шифокорлик амалиёти ва стоматология хизматлари эса 14,4 фоизни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги бозор хизматларининг энг катта ҳажми Тошкент вилоятида қайд этилган — 1,8 триллион сўм. Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 1,3 триллион сўмни, Фарғона вилоятида эса 1 триллион сўмни ташкил этган.
Шунингдек, Наманган вилоятида 870,9 миллиард сўм, Андижон вилоятида 796,9 миллиард сўм, Бухоро вилоятида 609,2 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Хоразм вилоятида мазкур кўрсаткич 591,7 миллиард сўм, Қашқадарё вилоятида 553,2 миллиард сўм, Қорақалпоғистон Республикасида 525,1 миллиард сўмга тенг бўлган.
Сурхондарё вилоятида 442,4 миллиард сўм, Жиззах вилоятида 395,7 миллиард сўм, Сирдарё вилоятида 307,5 миллиард сўм ҳамда Навоий вилоятида 296,3 миллиард сўмлик соғлиқни сақлаш хизматлари қайд этилган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА