Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришда замонавий ечимлар муҳокама қилинди
Тошкент шаҳрида соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш ҳамда давлат тиббий суғуртаси тизимини такомиллаштиришга бағишланган халқаро форумнинг иккинчи куни давом этмоқда.
Тадбирда маҳаллий ва хорижий экспертлар, соҳа мутахассислари ва масъул раҳбарлар иштирокида тиббиёт тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва рақамли технологияларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокамаларнинг асосий урғуси соғлиқни сақлаш ва тиббий суғурта соҳасида электрон маълумотлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, тиббий хизматларни молиялаштиришда рақамли ечимларнинг ўрнига қаратилди.
Конференцияда Осиё тараққиёт банки вакили Эдуардо Банзон, Халқаро меҳнат ташкилоти вакили Матильда Майеферт ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) вакили Андрес Рамномяэ сўзга чиқиб, стратегик харидларни ривожлантириш ва келгусидаги устувор вазифалар бўйича ўз тақдимотларини намойиш этишди.
Шу билан бирга, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси вакиллари томонидан ўтган беш йил давомида эришилган ютуқлар, ҳудудлар кесимида молиялаштириш кўрсаткичлари, тиббий хизматлар сифатини мониторинг қилиш ва назорат қилиш механизмлари таҳлил қилинди. Йиғин доирасида рақамли соғлиқни сақлаш ва сунъий интеллект имкониятларига алоҳида эътибор қаратилиб, жаҳон тажрибаси мисолида маълумотларни текшириш, молиявий аудит воситалари ҳамда сунъий интеллект экотизимини қўллаш масалалари кўриб чиқилди.
[gallery-31368]
Форумнинг навбатдаги босқичида Ўзбекистонда ихтисослаштирилган ва юқори харажатли тиббий ёрдамни ҳамда силга қарши курашишни молиялаштириш, шунингдек, аҳолини дори-дармон билан таъминлашда реимбурсация дастури қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Экспертлар фикрича, бу каби мулоқотлардан асосий мақсад - тиббий хизматларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ва аҳоли учун сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Фардона Яхшибоева,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА