Аё Софиянинг тарихий қиёфаси асраб қолинади
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги машҳур Аё София масжидида кенг кўламли қайта реставрация ишларининг навбатдаги босқичи бошланди. Таъкидланишича, тарихий иншоотнинг шарқий ярим гумбазини мустаҳкамлаш мақсадида махсус пўлат платформа ўрнатилади.
Мазкур ишлар Аё Софияни асраб-авайлаш, реставрация қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган энг йирик ва комплекс лойиҳа доирасида олиб борилмоқда. Асосий мақсад қарийб 1500 йиллик тарихга эга меъморий обиданинг зилзилабардошлигини ошириш, шу билан бирга, унинг ноёб тарихий ва бадиий элементларини келажак авлодлар учун сақлаб қолишдан иборат.
Конструкцияларни мустаҳкамлаш ишларидан сўнг мутахассислар мозаикалар, декоратив нақшлар ва мармар юзаларни кенг кўламда реставрация ҳамда консервация қилишга киришади. Жараён архитекторлар, муҳандислар, санъатшунослар ва реставрация бўйича мутахассислардан иборат илмий кенгаш назорати остида амалга оширилмоқда.
Айни пайтда реставрация ишлари мажмуанинг бир нечта қисмида бир вақтнинг ўзида давом этмоқда. Хусусан, аввалроқ шимоли-шарқий минорани таъмирлаш ва зилзилага чидамлилигини ошириш ишлари якунланган. Жараёнда юзлаб тарихий тош элементлар қисмларга ажратилиб, мутахассислар томонидан синчиклаб ўрганилган ва қайта тикланган.
Асосий гумбазда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Уни ёғингарчилик ва бошқа ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш учун вақтинчалик пўлат конструкция ва махсус ҳимоя қопламаси ўрнатилган. Гумбазнинг қўрғошин қопламаси олиб ташланганидан кейин унинг техник ҳолати замонавий сканерлаш ускуналари ва махсус радарлар ёрдамида батафсил текширилади.
Экспертлар фикрича, мазкур тадқиқотлар тарихий иншоот конструкцияларининг бугунги ҳолатини аниқ баҳолаш ва кейинги мустаҳкамлаш ишларини илмий асосда ташкил этиш имконини беради. Эътиборлиси, кенг кўламли реставрация ишларига қарамай, Аё София ибодат ва зиёрат қилувчилар учун очиқ қолмоқда.
А.Маматов, ЎзА