Сизга эҳтиром, азиз устозлар!
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Сизга эҳтиром, азиз устоз!” деб номланган маънавий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ҳамда талабалар иштирок этди.
Академия ректори Музаффар Камилов устоз ҳамда мураббийларни касб байрамлари билан қутлаб, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш жараёнида ўқитувчи ва мураббийларга иззат-эҳтиром кўрсатиш, уларни кучли ижтимоий ҳимоялаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Тадбирда илм ҳар қандай замонда ва маконда ҳам нажот йўли, зулматни ёритувчи нур, инсонни камолотга етакловчи буюк неъмат саналиши айтилди.
Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган даврда диний-маърифий соҳада юзага келаётган жараёнлар, турли ғоявий хуружларнинг ёшлар онгига таъсири Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда таълим сифатини мунтазам мониторинг қилиш ва таҳлил этиш тизими йўлга қўйилган.
Хусусан, HEMIS платформаси орқали талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳар бир семестр якунида таҳлил қилиб борилмоқда. Академия бўйича ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 2023-2024 ўқув йилида 75,9 балл, 2024-2025 ўқув йилида 77,4 балл, 2025-2026 ўқув йилида эса 82,3 баллни ташкил этди. Натижада сўнгги уч йилда талабаларнинг ўзлаштириш даражаси 10,8 фоизга ошди.
Шунингдек, талабалар ўртасида ўтказиладиган сўровномалар орқали дарс жараёнлари ва ўқитувчилар фаолияти ҳам баҳоланмоқда. Ўқитувчиларнинг ўртача баҳоси 2023-2024 ўқув йилида 4,7 балл, 2024-2025 ўқув йилида 4,8 балл, 2025-2026 ўқув йилида 4,7 баллни ташкил этиб, 94 фоизлик самарадорлик кўрсаткичи қайд этилди.
Ўқитувчиларнинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий фаолияти самарадорлиги www.my.iiau.уз платформаси орқали рақамли мониторинг қилиб борилмоқда. Таҳлилларга кўра, ўқитувчилар фаолияти самарадорлиги 2023-2024-ўқув йилида 71 фоиз (78,1 балл), 2024-2025-ўқув йилида 73,6 фоиз (81 балл), 2025-2026-ўқув йилида эса 83,5 фоиз (91 балл)ни ташкил этди. Бу эса сўнгги уч йилда ўқитувчилар фаолияти самарадорлиги 12,5 фоизга ошганини кўрсатади.
[photobank-31707]
Эришилган натижалар таълим сифатини ошириш, рақамли мониторинг тизимларини кенгайтириш ва ўқитувчилар фаолиятини мунтазам баҳолаб бориш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар самарадорлигини кўрсатмоқда.
Ўтган 2025-2026-ўқув йилида Академия профессор-ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш ва илғор хорижий тажрибаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 64 нафар профессор-ўқитувчи Туркия, Қозоғистон, Руминия, Хитой, Германия, Франция, Миср ва Жанубий Корея каби давлатларда малака ошириш ва стажировка дастурларида иштирок этиб, бой тажриба орттириб қайтди.
Янги ўқув йилини Академия жамоаси ажойиб хушхабар билан бошлади. Истиқлол байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президент Фармони асосида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси “Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар кафедраси” профессори, устоз Зоҳиджон Исломов “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази директори, таниқли публицист Абдулҳамид Мухторов “Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилди.
Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ватандошларимиз қаторида Академиянинг жонкуяр профессор-ўқитувчилари ва ходимларининг 20 нафарга яқини “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Тантанали маросимда кўп йиллик самарали меҳнати, касбига фидойилиги ва интеллектуал қобилияти билан юксак ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган бир гуруҳ педагог ходимларга эсдалик совғалари топширилди. Академия талабалари томонидан шеър-қўшиқлар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Н.Усмонова,
А.Алижонов (сурат),
ЎзА