Аҳоли даромади ошса, оила фаровонлиги юксалади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чортоқ туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва хонадонларнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Бу борада аҳоли томорқаларини даромад манбаига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хайрли маҳалласида истиқомат қилувчи Фарҳод Мирзааҳмедовнинг тажрибаси бунга мисол.
[gallery-31714]
У ўтган йили хонадон томорқасида 1 сотихлик иссиқхона ташкил этиб, гидропоника усулида қулупнай етиштиришни йўлга қўйди. Натижада бир йилда 40 миллион сўм даромад олди.
Бу йил ташаббусини кенгайтириб, иссиқхона майдонини 4,5 сотихга етказди. Айни пайтда июнь ойида экилган серҳосил қулупнай кўчатлари ҳосилга кириб, ҳар куни ўртача 8–9 килограммдан маҳсулот териб олинмоқда. Қулупнайнинг бир килоси 100 минг сўмдан сотилаётгани хонадон учун қўшимча даромад манбаини шакллантирмоқда.
Эътиборлиси, тадбиркорлик фаолияти орқали Ф. Мирзааҳмедов уч нафар мавсумий ишчини ҳам даромадли меҳнатга жалб этган. Шунингдек, у қўшниларига гидропоника усулида маҳсулот етиштириш тажрибасини ўргатиб, томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўмак бермоқда.
Бундай ташаббуслар аҳоли даромадини ошириш ва оила фаровонлигини таъминлашда хонадонларнинг ички имкониятларидан унумли фойдаланиш муҳим эканини кўрсатмоқда. Томорқадан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва даромадли йўналишларни кенгайтириш орқали оилаларнинг иқтисодий имкониятларини янада мустаҳкамлаш мумкин.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзA